«Шаҳидлар хотираси» мажмуаси ҳудудига кирадиган ер сотилмайди — Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари

Аввалроқ, пойтахтдаги «Шаҳидлар хотираси» ёдгорлик мажмуасида реконструкция ишлари амалга оширилади деб хабар берган эдик.

28 июнь куни «Шаҳидлар хотираси» майдонига пресс-тур уюштирилиб, амалга оширилаётган ишлар билан таништирилди. Бу ҳақда Tez News мухбири хабар қилди.

Маълум бўлишича, йиллар давомида ушбу мажмуа фаолиятида бир қатор муаммолар тўпланиб қолган. Жумладан, бино музей талабларига мослаб қурилмагани сабабли ёғингарчилик мавсумларида тез-тез бинонинг томидан чакки ўтиб, экспонатларга зарар етказиши ҳолатлари учрамоқда ҳамда музейда 2002 йилда ўрнатилган ускуна ва жиҳозлар эскириб, бугунги талабларга жавоб бермай қолган.

Қайд этилишича, ёдгорлик мажмуасида касса, кийим ечиш хоналари йўқлиги, ҳудудда зиёратчилар учун дам оладиган жойлар, ўриндиқлар, жамоат ҳожатхонаси мавжуд эмаслиги ҳам кўплаб ноқулайликларни келтириб чиқармоқда.

Ҳозирда шундай муаммоларни бартараф этиш мақсадида ёдгорлик мажмуаси ҳудудида кенг кўламли қурилиш-таъмирлаш, ободонлаштириш ва реконструкция ишлари бошланган.

«Бутун дунёдан, вилоятлар, қўшни мамлакатлардан кўплаб меҳмонлар келади, бизда гардероблар ва бошқа шароитлар йўқ эди. Қишда совуқ, ёзда иссиқ музей ичида ҳавони сақлаб туриш иложсиз. Германиядан олиб келинган экспонатларимиз нурашни бошлаган эди. Шу сабаб реконструкция ишлари амалга оширилаяпти. Келажакда ободонлаштириш ишлари тугагач, 20, 30, 50 йил ва ундан ҳам кўп йиллар зиёратчиларимизга хизмат қилади», — деди Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи директори Баҳтиёр Хасанов.

«Шаҳидлар хотираси» мажмуаси ҳудудига кирадиган ер сотилмайди. Тартиб орқали аукционга қўйилади. Кўп масалалар жамоатчилик фикридан келиб чиқиб ихчамлашди. Маҳаллий бюджетдан 20 миллиард сўм ажратилган. Биз ҳисоблаб чиқишимиз керак, бу маблағ етадими йўқми», — деб таъкидлади Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Фурқат Маҳмудхўжаев.

Таъкидланишича, реконструкция ишлари йил оҳирига якунланиши режалаштирилган.

Янгиликлар