Фарғонада 19 ёшли қиз янги туғилган чақалоғини ҳожатхона полга ташлаб кетди: у вафот этди
Ижтимоий тармоқларда Фарғона вилоят Қува тумани туғруқ бўлимда аёл фарзандини дунёга келтириб уни полисинтетик халтага солиб, ўша хонадаги ҳожатхонага ташлаб қўйгани ва орадан вақт ўтиб тиббиёт ходимлари янги туғилган чақалоқни жонлантириш бўлимга тезкорлик билан ётқизишгани, аммо шифокорларнинг саъй-ҳаракатларига қарамасдан чақалоқ дунёдан кўз юмгани айтилган хабар тарқалди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра, 2005 йил Фарғона вилояти Тошлоқ туманида туғилган Д.У. жорий йилнинг 31 март куни Қува туман тиббиёт бирлашмаси туғуруқ бўлимига «Ҳомиладорлик-1, туғуруқ-1, 28 ҳафта, эрта туғиш хавфи» ташхиси билан мурожаат қилган.
Бемор ҳомиладорлик билан Тошлоқ туманида диспансер назоратида турмаган ва ҳомилани яшириб юрган. Туғуруқ шу йилнинг 1 апрель куни соат 08:45 атрофида амалга оширилган.
Шу куни соат 17:00 атрофида эса чақалоқнинг аҳволи оғирлашиб, унда биологик ўлим ҳолати кузатилган. Унинг ўлимига муддатидан олдин (7 ойлик) туғилганлиги сабаб бўлган.
Айни пайтда мазкур ҳолат ССВ томонидан назоратга олиниб, мавжуд вазиятга зудлик билан аниқлик киритиш мақсадида тегишли Ишчи гуруҳ Фарғона вилоятига юборилган.
Шунингдек, ҳозирда ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ушбу ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Якуний хулосалар бўйича жамоатчиликка қўшимча маълумот берилади.