Ўзбекистонда таълим соҳасини ривожлантиришга 30 триллион сўм йўналтирилди
Ижтимоий соҳа харажатлари учун Давлат бюджетидан 74 триллион сўм (умумий харажатларнинг 51,5 фоизи) миқдорида маблағ сарфланди. Бу ҳақда Бухорода бўлиб ўтаётган халқаро форумда маълум қилинди, деб хабар бермоқда Tez News мухбири.

Фото: Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати
Хабар берилишича, форумда Ўзбекистон молия вазири ўринбосари А.Ҳайдаров, Европа Парламентининг Польшадан сайланган депутати Р.Чарнецкий, Канада-Ўзбекистон дўстлик гуруҳи раиси З.Абоултаиф ва БМТТДнинг Истанбул минтақавий офисида БРМни молиялаштириш масалалари бўйича маслаҳатчиси С. Погосяннинг чиқишлари амалга оширилди.
Сессия давомида, Давлат бюджети лойиҳасини ишлаб чиқишда миллий БРМ ҳисобга олиниши, БРМни амалга оширишда бюджет харажатлари ва даромадларини баҳолаш ҳамда назорат қилиш усуллари, бюджетни мониторинг қилишнинг инновацион воситалари ва ушбу йўналишда минтақа мамлакатларининг илғор тажрибаси муҳокама қилинди.

Фото: Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати
«Давлат бюджетининг 2020 йилдаги харажатлари 144,1 триллион сўмни ёки ялпи ички маҳсулотга нисбатан 24,8 фоизни ташкил этди. Бу йил бошида тасдиқланган харажатлар режасига нисбатан 13,1 триллион сўмга кўп. Ижтимоий соҳа харажатлари учун давлат бюджетидан 74 триллион сўм (умумий харажатларнинг 51,5 фоизи) миқдорида маблағ сарфланди. Шундан, таълим соҳасини сақлаш ва уни ривожлантириш харажатларига қарийб 30 триллион сўм йўналтирилди», — деди Молия вазири ўринбосари Одилбек Исоқов.
Қайд этилишича, 2020 йилда соғлиқни сақлаш харажатлари қарийб 19,4 триллион сўмни ташкил этиб, 2019 йилга нисбатан 29,5 фоизга ўсган. Соғлиқни сақлаш соҳасига доир Давлат дастурлари ва марказлашган тадбирлар учун ҳисобот даврида қарийб 653 миллиард сўм йўналтирилган.
Шунингдек, муҳокамалар жараёнида иқтисодий соҳага йўналтирилган молиявий маблағларнинг самарали сарфланиши алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Мавзуга доир: