Бухорода электромобиллар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади
Бухоро шаҳрида Жанубий Корея билан ҳамкорликда йилига 30 минг дона электромобиль ишлаб чиқарадиган лойиҳа амалга оширилади.
Маълум қилинишича, Бухоронинг «Ideal Lift» МЧЖ ва Жанубий Кореянинг «SONGUO MOBILITY INNOVATION CO, LTD» ўртасида қиймати 1 миллиард 210 миллион долларга тенг бўлган йилига 30 минг дона электромобиль ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳаси бўйича келишувга эришилди.
«Лойиҳани амалга ошириш натижасида 450 нафардан зиёд ишсиз аҳоли бандлиги таъминланади. Бу лойиҳа ташқи бозорда республиканинг миллий манфаатларини ҳимоя қилиш, ўзбек истеъмолчиларининг манфаатларини қўллаб-қувватлашда муҳим аҳамият касб этади», – дейди МЧЖ раҳбари Комил Қудратов.
Қайд этилишича, томонлар ўртасида лойиҳа бўйича тайёргарлик ишларини бошлаш тўғрисида битим, жумладан, юқори технологияли ускуналарни етказиб бериш, лойиҳалаштириш, монтаж жараёни давомида назорат қилиш ва электромобиллар ишлаб чиқариш назарда тутилган шартнома имзоланган.