Сурхондарёда 1 тоннадан ортиқ истеъмолга яроқсиз гўшт йўқ қилинди

Сурхондарё вилоятида истеъмолга яроқсиз гўшт маҳсулотлари аниқланди.

Хусусан, Сурхондарё вилояти ИИБ Жамоат хавфсизлиги хизмати Жамоат тартибини сақлаш бошқармаси Карантин тадбирларини таъминлаш бўлинмаси ҳамда вилоят ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармаси ходимлари томонидан «Дарбанд» ЙПХ масканида рейд тадбирлари ўтказилди.

Рейд давомида 2024 йилнинг 7 май куни соат 07:10 ларда Денов-Тошкент йўналиши бўйлаб ҳаракатланиб келаётган Денов туманида яшовчи 2000 йилда туғилган фуқаро М.Ш. бошқарувидаги Cobalt русумли автомашина ҳам тўхтатилиб юкхонаси текширилганида бирор бир тегишли ветеринария ҳужжатларисиз 140 кг йирик шохли мол гўшти олиб кетаётгани аниқланган.

Шунингдек, 7 май кунидан 8 май кунига ўтар кечаси соат 02:30 ларда шу йўналиш бўйлаб ҳаракатланиб келаётган Денов туманида яшовчи 2000 йилда туғилган фуқаро А.А. бошқарувидаги Cobalt тўхтатилиб юкхонаси текширилганда ҳеч қандай ветеринария ҳужжатларисиз 475 кг йирик шохли мол гўшти олиб кетаётгани аниқланган.

Айнан шу масканда рейд тадбири давом эттирилиб, соат 02:50 ларда Шўрчи-Тошкент йўналиши бўйлаб ҳаракатланиб келаётган Шўрчи туманида яшовчи 1997 йилда туғилган фуқаро Н.Ж. бошқарувидаги Cobalt русумли автомашина юкхонаси текширилганда тегишли ветеринария ҳужжатларисиз 400 кг йирик шохли мол гўшти олиб кетаётгани маълум бўлган.

Юқорида аниқланган ҳолатлар бўйича гўшт маҳсулотларининг истеъмолга яроқли ёки яроқсиз эканини текшириш мақсадида, вилоят ҳайвонлар касалликлари ташхиси ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги давлат маркази лабораториясига тақдим этилганида, истеъмолга яроқсиз экани аниқланиб гўшт эгаларига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг тегишли моддасига асосан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, гўшт маҳсулотлари белгиланган тартибда йўқ қилинган.

Янгиликлар