Ўзбекистонда Наркотикларни назорат қилиш миллий маркази ташкил этилмоқда

«Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг назоратини амалга ошириш орқали уларнинг аҳоли саломатлиги ва генофондга салбий таъсирини бартараф этишга қаратилган» Президент фармони имзоланди.

Фармон билан Ўзбекистонда гиёҳвандлик ва наркожиноятларга қарши курашиш бўйича 2024-2028 йилларга мўлжалланган миллий стратегия тасдиқланди.

Миллий марказнинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланмоқда:

– нарковазиятни ҳудудлар кесимида илмий-амалий ва ахборот-таҳлилий жиҳатидан тизимли равишда чуқур ўрганиб бориш, асосий омиллар ҳамда тенденцияларни аниқлаш ва прогноз қилиш;

– гиёҳвандлик воситаларини назорат қилиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишларини шакллантириш, қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш;

– мутасадди давлат органлари томонидан кўрилаётган чораларнинг самарадорлигини эксперт жиҳатидан баҳолаш, бу борада ягона ахборот алмашинуви ва идоралараро ҳамкорликни ташкил этиш, халқаро грантларни жалб қилиш орқали уларни замонавий техник ускуналар билан таъминлаш;

– хорижий давлат тузилмалари ва халқаро ташкилотлар билан манзилли ҳамкорликни ўрнатиш, Ўзбекистон томонидан амалга оширилаётган ишлар юзасидан БМТга йиллик маърузалар тайёрлаш;

– илғор миллий ва хорижий тажрибаларни доимий ўрганиш ҳамда унинг натижаларини жорий этиш ва оммалаштириш бўйича методика, таклиф ва тавсияларни ишлаб чиқиш, масъул давлат органлари ходимларининг малакасини ошириш бўйича ўқув семинарларини ташкил этиш.

Миллий марказ Давлат комиссиясининг мувофиқлаштирувчи органи ҳисобланиб, унинг фаолиятини ахборот-таҳлил жиҳатидан таъминлаб боради ҳамда Президент Администрацияси олдида ҳисобдор бўлади.

Шунингдек, Бош вазир раислик қиладиган Гиёҳвандлик воситалари устидан назорат қилиш бўйича Давлат комиссияси тузилиб, унинг зиммасига бир қатор вазифалар юкланди.

– Стратегиянинг тўлиқ, ўз вақтида ва сифатли бажарилишини ташкил этиш, уни амалга ошириш бўйича йиллик миллий дастурларни тасдиқлаш ва ижросини назорат қилиш, давлат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш;

– ҳар уч ойда Стратегия ва йиллик давлат дастури ижросининг танқидий ўрганилишини, мақсадларга эришишга тўсқинлик қилаётган омилларни аниқлаш ва олдини олишга қаратилган аниқ чоралар кўрилишини таъминлаш;

– гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши курашишни мувофиқлаштириш, аҳоли орасида гиёҳвандликнинг барвақт профилактикаси бўйича самарали чора-тадбирларни белгилаш.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузурида Наркотикларни назорат қилиш миллий маркази ташкил этилмоқда.

Янгиликлар