Ўзбекистонда қариндошлар ўртасидаги никоҳни тақиқлаш таклиф қилинмоқда
Оила ва хотин-қизлар масалалари қўмитаси соҳага оид айрим ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритилишини назарда тутувчи қонун лойиҳасини эълон қилди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг Оила кодексига қуйидаги қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда:
• 18 ёшга тўлмаган ўғил-қизлар учун унаштирув кечалари ўтказишни тақиқлаш;
• иккинчи, учинчи ва тўртинчи даражали қариндошлар ўртасида никоҳ қуришни тақиқлаш (тиббий генетик тадқиқот натижалари ижобий бўлган ҳолатлар бундан мустасно);
• тиббий кўрикдан ўтиш тартибини бузган шахс қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.
Эндиликда ака-ука ва опа-сингиллар, уларнинг фарзандлари, ота ва онанинг ака-ука ва опа-сингиллари, уларнинг фарзандлари, бобо-бувиларнинг ака-ука ва опа-сингиллари, уларнинг фарзандлари ва бошқаларни ўз ичига олган қариндошлар ўртасидаги никоҳни тақиқлаш таклиф қилинмоқда.
Қонунда ўрнатилган никоҳ тузиш ва расмийлаштириш билан боғлиқ бўлган тартиб ва шартларни бузиш – базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн беш бараваридан ўттиз бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.