«Барча раҳбарлар бир нарсани аниқ эшитиб олсин. Бундан буён бирорта «яшил ҳудуд» ва жамоат паркида ҳар қандай дарахтларни кесиш қатъиян тақиқланади» — Шавкат Мирзиёев

Тошкент шаҳри ва вилоят марказларида экология полицияси ташкил этилади. Бу ҳақда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги устувор вазифаларга бағишланган видеоселекторда маълум қилинди.

Маълум бўлишича, ўтган 6 ойда мораторий даврида 316 минг дона қимматбаҳо дарахтлар асраб қолинган. Бироқ, шунга қарамасдан, ўтган даврда 2,8 мингта қимматбаҳо ва 2 мингдан зиёд кам қимматли дарахтлар ноқонуний кесилган.

Таъкидланишича, Экология полицияси Ички ишлар тизимида фаолият юритади ва экология соҳасидаги қонунбузарликлар, жумладан дарахтларни рухсатсиз кесиш, браконьерлик, ноқонуний чиқиндилар ташлаш каби ҳолатларга қарши профилактика вазифалари юклатилади.

«Барча раҳбарлар бир нарсани аниқ эшитиб олсин. Бундан буён бирорта «яшил ҳудуд» ва жамоат паркида ҳар қандай дарахтларни кесиш қатъиян тақиқланади», — деди Президент Шавкат Мирзиёев.

Бундан ташқари, экология соҳасида қўлланиладиган жарималар миқдори 5 баравар, етказилган зарар учун компенсация миқдори 2 баравар оширилади.

Қайд этилишича, дарахтларни кесишга мораторий 2024 йилга қадар узайтирилади ва жавобгарлик кескин кучайтирилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси лавозимидан озод этилди, деб хабар берган эдик.

Янгиликлар