«Open Budget» жараёнининг 2024 йилги иккинчи мавсуми қачон бошланиши маълум бўлди
«Ташаббусли буджет»нинг 2024 йилги иккинчи мавсумига 6 июльдан бошлаб старт берилади. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги матбуот хизмати хабар беради.
Жараённи ташкил этиш бир неча босқичда амалга оширилади:
6-26 июль -лойиҳалар киритиш;
26 июль – 15 август – лойиҳаларни саралаш;
15-22 август — тарғибот қилиш;
22 августдан 1 сентябргача – овоз бериш.
Ҳабар берилишича, жорий мавсум учун туман ва шаҳар буджетларидан 2 триллион сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилади. Лойиҳаларнинг максимал қиймати 1 миллиард 360 миллион сўмни ташкил этади.
Эслатиб ўтамиз, «Ташаббусли буджети»нинг 2024 йилги биринчи мавсуми апрель ойида якунланган эди. Овоз бериш натижаларига кўра, Ўзбекистон бўйлаб 2 254 та маҳаллада 2 770 та лойиҳа ғолиб чиққан эди.
Маълумот учун, «Ташаббусли буджет» – фуқаролар инфратузилмани яхшилаш, турли хиёбонлар, болалар ёки спорт майдончалари, ички йўллар қуриш, мактаблар, болалар боғчалари ва бошқа кўплаб объектларни таъмирлаш ва жиҳозлаш бўйича ўз лойиҳаларини таклиф этиш орқали маҳаллий буджетнинг бир қисмини тақсимлашда иштирок этиши мумкин бўлган лойиҳадир.