Uzum Market FBS буюртмаларини бекор қилганлик учун жарима ҳисоблаш қоидаларини янгиламоқда
2025 йил 3 декабрдан бошлаб Uzum Market FBS модели бўйича буюртмаларни бекор қилганлик учун жарималарни ҳисоблашнинг янгиланган тизимини жорий этади.

Янги мантиқ сотувчининг буюртмани бекор қилиш тезлигига боғлиқ бўлган табақалаштирилган ставкаларни назарда тутади. Бу қоидалар ҳам қўлда, ҳам автоматик бекор қилиш учун амал қилади.
Асосий ўзгаришлардан бири бепул бекор қилиш муддатининг узайтирилиши бўлди — энди у аввалги 6 соат ўрнига 12 соатни ташкил этади. Бу сотувчиларга буюртмаларни тезроқ бошқариш ва кутилмаган харажатлар хавфини камайтириш имконини беради.
Воситачилик шартномасининг 8.9-банди ва 8.21-бандига, шунингдек Фойдаланувчи билан келишувнинг 7.9-бандига ўзгартиришлар киритилди. Батафсил ставкалар ва шартлар билан ҳавола орқали танишиш мумкин.
Бундан ташқари, товарларнинг айрим тоифалари бўйича комиссиялар янгиланди. Мавжуд ставкалар ва тоифаларнинг тўлиқ рўйхати билан ҳавола орқали танишиш мумкин.
Uzum Market’нинг қайд этишича, янгиланишдан мақсад харидорларга хизмат кўрсатиш сифатини ошириш ва ўз вақтида бекор қилинмайдиган харидлар сонини камайтиришдир. Компания ҳамкорларга жарималардан қочиш учун маҳсулот қолдиқларини мунтазам равишда назорат қилишни ва етказиб беришни олдиндан режалаштиришни тавсия қилади.




