Андижондаги корхонадан 13 нафар ходимнинг 55 млн сўм иш ҳақи ундириб берилди
Андижон шаҳрида Мажбурий ижро бюроси 13 нафар фуқаро фойдасига «Ўзтрансгаз» вилоят ҳудудий газ таъминоти филиалидан жами 55 миллион 152 минг 425 сўм иш ҳақи ундирди. Бу ҳақда бюронинг вилоят бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.
Хабарга кўра, Мажбурий ижро бюроси Андижон шаҳар бўлимига фуқаролик ишлари бўйича Андижон туманлараро судидан ижро ҳужжатлари келиб тушган. Унга кўра қарздор «Ўзтрансгаз» АЖ Андижон вилояти ҳудудий газ таъминоти филиалининг ишчи ходимларидан маълум миқдорда қарздор экани маълум бўлган.
Қайд этилишича, «Ўзтрансгаз»дан овқат ва йўлкира харажатлари учун 13 нафар ходимга жами 55 миллион 152 минг 425 сўм ундирилиши белгиланган. Шунингдек, давлат фойдасига 2 миллион 686 минг сўм давлат божи ундирилиши кўрсатилган.
Ижро ҳаракатлари давомида қарздор «Ўзтрансгаз» вилоят ҳудудий газ таъминоти филиалидан 13 нафар фуқарога иш ҳақи ундирилиб, уларнинг пластик ҳисоб рақамига ўтказиб берилган.
Аввалроқ Карманада МИБ 80 нафар фуқарога 332 миллион сўмлик иш ҳақи ундирилгани, Норинда корхонадан 900 миллион сўмдан ортиқ солиқ қарздорлиги ундирилган хабар қилиганди.
Шунингдек, Қўқонда алимент тўламай келган отадан салкам 23 миллион сўм ундирилгани ҳамда Булоқбошида «Агробанк» масъуллари ижро ҳаракатидан бўйин товлагани учун 5,5 миллион сўмдан ортиқ жаримага тортилгани ҳақида хабар берилган.