Бағдод шаҳарчасида 35 та хонадон газсиз қолаётгани ҳақидаги хабар рад этилди
Фарғона вилояти Бағдод шаҳарчасида 35 та хонадон газсиз қолаётгани рад этилди. Бу ҳақда «Ҳудудгаз Фарғона» газ таъминоти филиали матбуот хизмати «Tez News»га хабар берди.
Маълум қилинишича, ижтимоий тармоқларда Бағдод шаҳарчаси «Ўзбекистон» МФЙга қарашли Олмос кўчаси фуқароларининг «4 тарафимиз газлашган, фақат 2 та кичик кўча, 35 та хонадон газсиз қолмоқда» сарлавҳали мурожаати тарқалган.
Қайд этилишича, мазкур кўчага табиий газ туман марказидаги Бўстон дахасидаги кўп қаватли уйларга табиий газ юқори босимли «Д-159» мм газ қувури орқали етказилган. Куз-қиш мавсумида кўп қаватли уйлар таъминотига салбий таъсир кўрсатаётганлиги сабабли кўчага олиб кирилган табиий газ тармоғи кириш қисмидан пайвандлаш йўли орқали узилган ва суюлтирилган газга мослаштирилган.
«Мурожаатда кўрсатилган ‘4 тараф’ нинг газлашганлиги асоссиз. Жумладан, мазкур кўча атрофида жойлашган ‘Қўшчинор’ МФЙга қарашли Говхона қишлоғи, ‘Ўзбекистон’ МФЙ га қарашли Бўстон, Орзу, Ёшлик хамда Маърифат кўчаларидаги аҳоли хонадонлари хам суюлтирилган газ таъминотига ўтказилган», дейилади хабарда.
Мурожаат бўйича фуқароларга тумандаги истеъмолчиларга ажратилган суюлтирилган газ фондидан келиб чиқиб, белгиланган режа-жадвалга мувофиқ суюлтирилган газ етказиб берилиши ва куз-қиш мавсумида хонадонларни иситиш учун ёқилғининг бошқа туридан фойдаланишлари лозимлиги маълум қилинган. Бундан ташқари, белгиланган режа-жадвалга асосан 5-6 октябрь кунлари ушбу кўчадаги аҳоли хонадонларига суюлтирилган газ етказиб берилган.
Шунингдек, мурожаатда кўрсатилган Бағдод шаҳарчаси, Орзу кўчасига тортилаётган газ қувурлари ушбу кўчада жойлашган кичик саноат зонасини газлаштириш учун лойиҳа хужжатлари асосида олиб борилаётгани қайд этилган.
Аввалроқ Фарғонада куз-қиш мавсумида электр энергияси ва газ етказиш ҳажми оширилиши ва Ўзбекистоннинг табиий газ танқис ҳудудларига 385 минг тонна суюлтирилган газ етказиб берилиши ҳақида хабар қилинган эди. Сўнгра, Марғилонда ёрилган қувур таъмирланиб, 740 та хонадонда табиий газ таъминоти қайта тиклангани ҳамда Самарқанд шаҳрида 42 нафар улгуржи истеъмолчи газ тармоғидан узиб қўйилгани маълум қилинди