БМТнинг Хотин-қизлар ҳолати бўйича тўртинчи Бутунжаҳон конференциясида Танзила Норбоева нутқ сўзлади

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Хотин-қизлар ҳолати бўйича тўртинчи Бутунжаҳон конференциясида Танзила Норбоева нутқ сўзлади. Бу ҳақда Олий мажлис сенати матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Олий мажлис сенати матбуот хизмати

Маълум қилинишича, 1 октябрь, пайшанба куни БМТнинг Нью-Йоркдаги қароргоҳида Хотин-қизлар ҳолати бўйича тўртинчи Бутунжаҳон конференциясининг 25 йиллигига бағишланган глобал саммит бўлиб ўтган.

Қайд этилишича, видеоконференцияда БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш, Бош ассамблеянинг 75-сессияси раиси Фолкан Бозкир, «БМТ-Хотин-қизлар» тузилмаси раҳбари Фумзиле Мламбо-Нгcука, жаҳоннинг 173 дан ортиқ мамлакати раҳбарлари ва вакиллари, Ташкилотнинг ихтисослашган муассасалари, жамғармалари ва дастурлари экспертлари ҳамда нодавлат хотин-қизлар ташкилотлари ва фуқаролик жамияти етакчилари иштирок этган.

Шунингдек, саммитда Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати Раиси, Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси раиси Танзила Норбоева мамлакат делегацияси номидан иштирок этган. Видеоконференцияда Сенат раҳбари ўзбек тилида нутқ сўзлаган. Унинг нутқи БМТнинг барча расмий тилларига таржима қилинган.

Форумнинг асосий мақсади мамлакатлар томонидан Пекин декларацияси ва Ҳаракатлар платформаси қоидаларининг бажарилишини, гендер тенглик, барқарор ривожланиш мақсадларини амалга ошириш доирасида хотин-қизлар ҳуқуқлари ва имкониятларини кенгайтириш соҳасида эришилган ютуқларни кўриб чиқишдан иборат бўлган.

Глобал саммитда иштирокчилар сўнгги чорак асрда дунё бўйлаб хотин-қизлар аҳволини яхшилаш борасида эришилган ютуқларни кўриб чиққан. Хусусан, қизларнинг таълим олишини таъминлаш, хотин-қизларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш ва сиёсий фаоллигини, шунингдек, камситадиган қонунларни бекор қилишга қаратилган ислоҳотлар олиб боришдаги фаоллигини кучайтириш соҳасидаги ютуқлар ҳақида суҳбатлашилган.

Форумнинг очилиш маросимида нутқ сўзлаган БМТ Бош котиби А.Гутерриш декларация қабул қилинганидан кейин ўтган 25 йил давомида давлатлар томонидан жуда катта ишлар амалга оширилганини, бунинг натижасида бутун дунёда хотин-қизларнинг жамиятдаги мавқеи сезиларли даражада юксалганини таъкидлаган.

Форум давомида мамлакатлар делегациялари раҳбарлари Пекин декларацияси ва Ҳаракатлар платформаси қоидаларини амалга ошириш, хотин-қизларни рағбатлантириш ва ҳуқуқ ҳамда ва имкониятларини кенгайтириш бўйича ўз ҳукуматлари томонидан амалга оширилаётган чора-тадбирлар тўғрисида маълумот берган.

Мажлисда сўзга чиққан Танзила Норбоева иштирокчиларни хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, гендер тенгликни таъминлаш ва уларнинг давлат сиёсатининг устувор йўналишларида белгиланган ҳуқуқ ва имкониятларини, айниқса пандемия даврида кенгайтириш бўйича Ўзбекистонда сўнгги йилларда қабул қилинган амалий чора-тадбирлар ва ислоҳотлар билан таништирган.

Маълумот учун, Пекин декларацияси ва Ҳаракатлар платформаси 1995 йил 4 15 сентябрь кунлари Пекин шаҳрида бўлиб ўтган Хотин-қизлар ҳолати бўйича тўртинчи Бутунжаҳон конференциясида қабул қилинган. Пекин Ҳаракатлар платформаси гендер тенгликка эришишга ва хотин-қизларнинг ҳуқуқ ҳамда имкониятларини кенгайтиришга қаратилган. Унда қатъий чоралар кўриш зарур бўлган 12 та муҳим йўналиш белгиланган.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев БМТ шафелигида Транспорт-коммуникация алоқаларини ривожлантириш маркази очишни таклиф қилгани ҳақида хабар берилди. Бундан ташқари, Танзила Норбоева ёшлар орасида синтетик моддалар истеъмоли оммалашаётгани барчани ташвишлантириши кераклигини айтгани маълум қилинганди.

Янгиликлар