Танзила Норбоева ёшлар орасида синтетик моддалар истеъмоли оммалашаётгани барчани ташвишлантириши кераклигини айтди

Парламент юқори палатасининг 11 сентябрь куни ўтказилган еттинчи ялпи мажлисида Сенат раиси Танзила Норбаева «Наркологик касалликлар профилактикаси ва уларни даволаш тўғрисида»ги қонун ҳақида ўз фикрларини билдирди. Бу ҳақда Олий Мажлис сенати ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Сенат ахборот хизмати

Маълум қилинишича, Танзила Норбоева мазкур йўналишда олиб борилиши зарур бўлган жиҳатларга тўхталган.

«Ҳар биримиз гиёхвандлик иллати ва у билан боғлиқ касалликларнинг оғир оқибатларини яхши тасаввур қиламиз. Aлбатта, мамлакатимизда бундай турдаги касалликка чалинганларга зарур тиббий ёрдам кўрсатилади, уларни реабилитация қилиш чоралари кўрилади.

Эътибор қаратилиши зарур бўлган асосий масала — профилактика. Биринчи навбатда, гиёҳванд моддалар ва психоактив воситаларнинг мамлакатга кириб келиши ва истеъмолига қарши курашишнинг самарали механизмларидан фойдаланиш лозим. Бундай моддалар истеъмолининг асосий аудиторияси ёшлар бўлиб, улар орасида сўнгги пайтларда анъанавий гиёҳванд моддаларидан ташқари турли сунъий (синтетик) моддалар истеъмоли оммалашаётгани ҳаммамизни ташвишлантириши керак.

Яна бир жиҳат. Ҳозир ёшларни гиёҳвандга айлантириш учун уларни кўчаларда қидириб юришдан кўра интернетдаги ижтимоий тармоқлар орқали йўлдан уриш осон бўлиб қолди. Интернетга кириб, синтетик психоактив моддалар тайёрлаш ва уларни истеъмол қилиш бўйича минг хил ‘маслаҳат’ топиш мумкин.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, гиёхвандликка қарши курашиш фақатгина ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг иши, дея қараш нотўғри. Бунга ҳамма — бутун жамият масъул!» — деди Сенат раиси.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Олий Мажлис Сенатининг еттинчи ялпи мажлиси 11 сентябрь куни чақирилиши ва Сирдарёда Сенат кенгашининг биринчи сайёр мажлиси бўлиб ўтгани ҳақида хабар берилган эди. Кейинчалик Танзила Норбоева «Сардобага ёрдам» акцияси халқимизни янада бирлаштирганини таъкидлаган.

Янгиликлар