Бош прокуратура Наманганда ўзига ўт қўйиб, вафот этган аёл иши юзасидан расмий маълумот берди
Наманган шаҳрида яшовчи фуқаро Г.Д. ўзини ёқиб юбориб, вафот этгани акс этган видео юзасидан вилоят прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ўтказилди. Бу ҳақда Бош прокуратура ахборот хизмати хабар қилди.
Хабарга кўра, мазкур ҳолат юзасидан Наманган шаҳар прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 103-моддаси (Ўзини ўзи ўлдиришга ундаш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Иш ҳужжатларига кўра, фуқаролик ишлари бўйича вилоят туманлараро судининг ижро варақасига асосан МИБ Наманган шаҳар бўлими давлат ижрочиси томонидан Г.Д.ни яшаб турган хонадонидан мажбурий кўчириш ижро ҳаракати ўтказиш тайинланиб, ушбу хонадонга 2020 йилнинг 29 сентябрь куни иштирокчиларни жалб қилган ҳолда ижро ҳаракатини амалга ошириш учун борилган.
Шунингдек, шу вақтда Г.Д. ижро ҳаракатини тўхтатиш, ижро ҳаракатларига қаршилик кўрсатиш мақсадида яшаш хонадони дарвозасининг ташқи олд томонида ўзи билан олиб чиққан 1,5 литр ҳажмли елим идишдаги бензин ёқилғисини устидан қуйиб, ўзини ўзи ёқиб юборган. Кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан Г.Д. 30 cентябрь куни жонлантириш бўлимида вафот этган.
Маълум қилинишича, дастлабки суд-тиббий экспертиза хулосасига кўра, Г.Д.нинг танаси юзасининг 90 фоиз алангадан куйган. Шундан 40 фоиз қисми чуқур куйиш ва юқори нафас йўлларининг 1-даражали куйиши унинг ўлимига олиб келган оғир тан жароҳати ҳисобланиши кўрсатилган. Жиноят иши бўйича судга оид тиббий, ёнғин техникавий ва бошқа зарурий экспертизалар тайинланган.
Хабарда айтилишича, МИБ Наманган шаҳар бўлими давлат ижрочиси ва Наманган шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси 2-сонли ички ишлар бошқармаси ҲПГ ТП профилактика инспектори ҳаракатлари юзасидан хизмат текширувлари тайинланган. Ҳозирда жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Мавзуга доир: Наманган шаҳрида МИБ томонидан мажбуран уйидан чиқарилмоқчи бўлган аёл ўзига ўт қўйиб, ҳалок бўлди
Аввалроқ Самарқандда хотинини чопиб ташлаб, уйини ёқиб юборган эркак ҳамда 34 ёшли аёл ва унинг 30 ёшли эркак таниши ўз жонига қасд қилгани ҳақида хабар берилган эди. Кейинчалик Наманганда икки севишган ота-онасини қўрқитиб қўйиш мақсадида бир-бирини пичоқлагани оқибатида қиз вафот этгани ва Қашқадарёда мактаб директори жонига қасд қилишидан олдин хат қолдиргани маълум қилинганди.