Бўстонлиқда лойиҳа қиймати 480 млн доллар бўлган халқаро курорт ташкил этилади
Шавкат Мирзиёев 14 август куни туризм салоҳиятини кенгайтиришга доир лойиҳалар тақдимоти билан танишди. Бу ҳақида Президент матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида «Билдирсой-Чимён-Нанай» халқаро курортини ташкил этиш лойиҳаси ишлаб чиқилган. Унинг концепцияси ва иқтисодий модели Франция компаниялари консорциуми томонидан FASEP фондининг 750 минг евро миқдоридаги грант маблағлари ҳисобига ишлаб чиқилган.
Лойиҳанинг умумий қиймати 480 миллион доллар. Шундан 280 миллион долларини тўғридан-тўғри инвестициялар ташкил этади. Ундан кўзланган асосий мақсад ҳудуддаги ер майдонларининг қийматини ва инвестицион жозибадорлигини ошириш орқали тадбиркорликни ривожлантиришдир.
Лойиҳа 3 босқичдан иборат бўлиб, биринчи босқичда Чимён ҳудудида умуммавсумий курорт ташкил этиш кўзда тутилган. Франциянинг 48 миллион евро миқдоридаги имтиёзли кредити эвазига туристик инфратузилмани ривожлантириш, жумладан, осма йўлаклар, чанғи учиш ускуналари ва аттракционлар келтириб ўрнатиш режалаштирилган. Бунинг натижасида тоғ-чанғи туризми оммалашади, маҳаллий ва хорижий сайёҳлар учун замонавий шароитлар яратилади, табдиркорлик ривожланади. Лойиҳанинг биринчи босқичини 2021 йил декабрда ишга тушириш режалаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бўстонлиқдаги «снос»лар бўйича пресс-тур ташкил этилган эди.
Кейинчалик Бўстонлиқдаги ноқонуний қурилишлар юзасидан 8 та жиноят иши қўзғатилиб, 10 киши қамоққа олингани маълум қилинди. Шундан сўнг суд қарори билан бузилиши белгиланган иморатларнинг бирортаси одам яшаётган хонадон эмаслиги ҳақида хабар берилди.