Бухоро ҳокими Россиядаги ўзбекистонликлар билан онлайн учрашув ўтказди
Бухоро вилояти ҳокими вазифасини вақтинча бажарувчи Фарҳод Умаров 4 сентябрь, жума куни видеоконференцалоқа шаклида Россиянинг Калининград шаҳридаги «Григорян Г.М.» корхонаси раҳбари ва мазкур корхонада фаолият олиб бораётган ўзбекистонликлар билан мулоқот қилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар қилди.
Хабарга кўра, мулоқотда Калининград шаҳрида балиқни қайта ишлаш, товуқчилик ва тикувчилик корхоналарида Бухоро вилоятидан меҳнат мигрантларини касб ва тилга ўқитиб, ишга жалб этиш, меҳнат мигрантларига қонунда белгиланган тартибда барча шарт-шароитлар яратиш, миграция ҳужжатларини расмийлаштириш масалалари муҳокама қилинган.
Маълум қилинишича, «Григорян Г.М.» корхонаси раҳбарияти томонидан 2018 йилдан бери айни пайтгача Ташқи меҳнат миграция агентлиги билан шартномалар тузиш орқали 500 нафардан ортиқ бухоролик ватандошлар Калининград шаҳридаги ишлаб чиқариш субъектларига ишга жойлаштирилган.
Фарҳод Умаров ҳозирда Калилинградда ана шундай меҳнат фаолияти билан шуғулланаётган бухоролик аёл билан суҳбат қилди.
«Шу йил февраль ойида Ташқи меҳнат миграсияси агентлиги ёрдами билан бу ерга келдим. Укам ва келиним ҳам шу ерда. Балиқни қайта ишлаш комбинатида ишлаяпмиз. Шароитлари яхши. Меҳнат патентимиз корхона томонидан расмийлаштириб берилди. Харажатлари иш ҳақимиздан уч ой давомида сақланиб борилди. Ётоқхона бепул берилди. Ётоқхонадан иш жойимизгача махсус автобусда келиб кетамиз. Иш тартибимиз — ҳафтасига олти кун саккиз соатдан. Қўшимча ишлаш ва даромад олишга ҳам имкониятимиз бор. Лекин эшитяпмизки, айрим кишилар катта даромад ваъда қилинган жойларга ноқонуний йўллар билан, ҳеч қандай ҳужжатларсиз бориб, ишлаб, охирида ҳеч нимасиз қолишяпти. Мана, сиз биз билан суҳбат қиляпсиз, ҳол-аҳволимиз, яшаш ва ишлаш шароитларимиз билан қизиқяпсиз. Ҳаммаси қонуний бўлса, ортингиздан сўровчилар ҳам бўларкан. Шунисига хурсандмиз», — деди ўзини Гуландом Наимова деб таништирган аёл.
Қайд этилишича, учрашувда 2020—2021 йилларда Бухоро вилоятидан яна 500 нафар фуқарони ишга жойлаштиришга келишиб олинган.
Эслатиб ўтамиз, Улуғнорда бўлиб ўтган сайёр қабулда ишсиз фуқаролар иш билан таъминлангани ҳақида хабар қилинганди.