Бухоро шаҳрида «Оилам бахти ўз қўлимда» шиори остида вилоят форуми бўлиб ўтди
Бухоро шаҳрида вилоят ҳокими иштирокида «Оилам бахти ўз қўлимда» шиори остида вилоят форуми бўлиб ўтди. Бу ҳақда вилоят Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси ахборот хизмати маълум қилди.
Хабарга кўра, бошқарма ташаббуси билан 28 cентябрдан 28 октябрь кунига қадар вилоятдаги барча фуқаролар йиғинлари, корхона ва ташкилотлар, таълим муассасаларида хотин-қизлар орасида жиноятчиликни кескин камайтириш ҳамда оилавий ажримларни олдини олиш, «Aёллар дафтари»га киритилган ишсиз хотин-қизларни иш билан таъминлаш масалаларини ўз ичига олган «Оилам бахти ўз қўлимда» ойлиги ўтказилиши режалаштирилган.
Шунингдек, Бухоро шаҳрида «Оилам бахти ўз қўлимда» шиори остида вилоят форуми бўлиб ўтган. Унда мазкур ойлик доирасида ўтказиладиган тадбирлар мазмун-моҳияти, шунингдек, бу борада амалга оширилиши лозим бўлган ишларга тўхталиб ўтилган.
Маълум қилинишича, ойлик доирасида ажралиш ёқасига келиб қолган 1127 та оила билан суҳбат ўтказилиб, низоли, ажрим ёқасига келиб қолган оилаларнинг мавжуд муаммоларини аниқлаш ва ушбу оилаларни муросага келтириш чоралари кўрилади.
Жумладан, ноқонуний никоҳ асосида яшаётган оилаларга қонуний никоҳнинг афзалликлари ҳақида ҳуқуқий тушунтириш берилади, уларнинг никоҳини қонунийлаштириш чоралари кўрилади. Маҳаллаларда ибратли, намунали оилаларнинг ҳаётини тарғиб этиш мақсадида учрашувлар, давра суҳбатлари, мулоқотлар ўтказилади. Шунингдек, оила-турмуш доирасида вилоятдаги хотин-қизлар томонидан содир этилган жиноятлар муҳокама қилинади, сабаблари таҳлил қилинади. Бу жараёнларга нуронийлар, дин уламолари ва маҳалла фаоллари жалб этилади.
Тадбирда таъкидланишича, ойлик доирасида жазони ижро этиш муассасаларидан қайтган аёлларни иш билан таъминлаш, тадбиркорликка жалб этиш, уларнинг оила аъзолари билан индивидуал тарзда маҳалла, сектор кесимида иш олиб бориш ҳам режалаштирилган. Шу билан бирга, тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўраётган аёлларга «Ҳимоя ордери»ни бериш тартиби тушунтирилади.
Ойлик доирасида, шунингдек, қатор маънавий-маърифий тадбирлар ва танловларни ташкил этиш ҳам кўзда тутилган. Маҳаллалардаги намунали қайноналарнинг ҳаётий тажрибаларини оммалаштириш, она ва қайноналар ўртасида «Қайноналик илми ва санъати», мустақил ҳаёт бўсағасида турган қизлар ўртасида «Келинлик илми» мавзуларида, шунингдек, эрта никоҳларнинг олдини олиш, тўй ва бошқа тадбирларни ихчам ва тартибли ўтказишга қаратилган давра суҳбатлари, учрашувлар ташкил этилади. Маҳаллаларда «Ибратли келин» танловлари, оилалар ўртасида спорт мусобақалари ўтказилади.
Қайд этилишича, «Маҳалла ободлиги уй остонасидан бошланади» шиори остида ҳар бир хонадон ва кўчаларда хонадон эгалари томонидан мунтазам равишда ободонлаштириш ишлари олиб борилади. Форум давомида ўтказилган матбуот анжуманида журналистларнинг мавзуга оид саволларига мутасаддилар томонидан атрофлича жавоб берилган. Хабарда айтилишича, форумда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг биринчи ўринбосари Гулнора Маъруфова ҳамда Бухоро вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Фарҳод Умаров иштирок этди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Андижондаги «Меҳнат ярмаркаси»да 64 нафар фуқаро доимий иш жойига эга бўлгани, Когонда 50 дан ортиқ ёшлар ва хотин-қизнинг бандлиги таъминлангани ҳамда Пахтаободда Андижон вилояти прокурори томонидан 14 нафар битирувчига тикув машинаси берилгани ҳақида хабар қилинганди.
Бундан ташқари, Чортоқда ўтказилган «Меҳнат ярмаркаси»да 100 дан ортиқ ишсиз фуқаро ишга жойлаштирилган.