Бухоро вилояти ҳокими ўринбосари «Ёшлик» спорт мажмуасидаги тақсимлаш маркази билан танишди (фото)
Бухоро вилояти ҳокимининг ўринбосари Мирали Ҳамроев 4 октябрь куни «Ёшлик» спорт мажмуасидаги 264 ўринли тақсимлаш маркази билан танишди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар қилди.
Хабарга кўра, 4 октябрь куни вилоят ҳокимининг ўринбосари Мирали Ҳамроев, Вазирлар Маҳкамасидан вилоятга бириктирилган мутахассис Шуҳрат Мухторов, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Илҳом Нарзиев ва бошқа масъуллар ҳамроҳлигида мазкур марказда бўлиб, бу ердаги шарт-шароитлар, тиббий хизмат, тиббий таъминот билан яна бир бор танишган. Куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолатлари ўрганилган.
«Марказга Бухоро шаҳрининг турли ҳудудларидан 103 рақамига қилинган мурожаатдан сўнг CОVID-19’га гумонланган фуқароларимиз тез ёрдам бригадалари ҳамроҳлигида олиб келинади. Бу ерга келтирилган фуқаролар тўлиқ таҳлилдан ўтказилганидан сўнг касаллик даражаси ва саломатлигининг ҳолатига кўра, шифохоналарга йўналтирилади. Хасталик енгил кечаётган эса уйида ўз-ўзини изоляция қилган ҳолда даволанишга юборилади. Уларнинг саломатликлари ҳудудий тиббиёт масканлари мутахассислари томонидан назоратга олинади», — дейди марказ бош врачи Суннат Сафаров.
Шунингдек, бу ерда даволанаётган беморлар аҳволи, турмуш шароити билан қизиқиб, улар билан мулоқот қилинган.
Маълумот ўрнида, марказ 4 август куни ташкил этилган бўлиб, 264 ўринга мўлжалланган. Муассасада 100 нафар беморга кислород нуқталари ажратилган, 39 нафар беморга эса кислород концентратори билан сунъий нафас берилади. Муассасада 25 нафар малакали шифокор, 28 нафар ўрта тиббиёт ходими, 15 нафар кичик тиббиёт ходими фаолият юритмоқда.
Aввалроқ Қўқон шаҳар ҳокими 1-БЎСМдаги коронавирус беморларини даволаш марказидаги ишлар билан танишгани ҳамда Бухоро ҳокими Қоракўлдаги Халқаро математика мактаби қурилиш жараёни билан танишгани ҳақида хабар берилганди.