Бухоро шаҳрида 70 нафар хотин-қиз касб-ҳунарга бепул ўқитилди (фото)
Бухоро шаҳрида 70 нафар хотин-қизга турли йўналишда касб-ҳунар бепул ўргатилиб, сертификатлар топширилди. Бу ҳақда шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Хабарда айтилишича, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш Бухоро шаҳар бўлими ҳамда вилоят Хотин-қизлар тадбиркорлик маркази томонидан бандлиги таъминланмаган хотин-қизлар учун қисқа муддатли бепул ўқув курслари ташкил этилди.
Таъкидланишича, мазкур ўқув курсларида тикувчилик йўналишида 18 нафар, ахборот тизимлари ва технологиялари йўналишида 25 нафар, пазандачилик йўналишида 20 нафар, бизнес кўникмаларини шакллантириш йўналишида 7 нафар хотин-қизлар касб-ҳунарга ўқитилган.
Шунингдек, курсларда билим ва тажриба орттирган 70 нафар хотин-қизга 18 сентябрь куни сертификатлар топширилиб, ўз соҳалари бўйича корхоналарга йўналтирилган.
Аввалроқ Шаҳрихондаги касб-ҳунар ўргатиш марказида 110 кишини 8 та ҳунарга ўқитиш йўлга қўйилгани, Наманганда 67 турдаги касб-ҳунар бўйича кўргазма ташкил этилгани, Наманганда аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази биноси фойдаланишга топширилгани хабар қилинган эди.