Бухорода пандемия туфайли чет элдан қайтган фуқароларнинг 13 мингдан ортиғи иш билан таъминланган

Бухоро вилоятининг 19 077 нафар аҳолиси пандемия даврида чет элдан қайтиб келган бўлиб, шундан 13 311 нафари иш билан таъминланган. Бу ҳақда Халқ депутатлари вилоят кенгашининг 14-сессиясида вилоят ҳокими ўринбосари Ботиржон Шаҳриёров маълум қилди.

19 минг 77 нафар бухоролик пандемия сабабли чет элдан қайтиб келган

Фото: ЎзА

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви идоралари, нодавлат-нотижорат ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этган сессияда маълум қилинишича, 1 октябрь ҳолатига кўра, 19 077 нафар фуқаро пандемия сабабли чет элдан қайтиб келган. Уларнинг 13 311 нафари иш билан таъминланган бўлиб, Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари орқали 5534 нафар мигрант ишга жойлаштирилган.

Шунингдек, хориждан қайтган фуқаролардан 17 002 нафари тиббий кўрикдан ўтказилган бўлиб, уларнинг 47 нафарида турли касалликлар аниқланган. Хусусан, вилоят ҳокимлиги делегациясининг 2018—2019 йилларда Россия билан келишилган меморандумига мувофиқ Калининград (500 нафар), Владимир (450 нафар), Екатеринбург (50 нафар) шаҳарларига ва Красноярск ўлкасига (150 нафар) ҳамда бошқа ҳудудларда 600 дан ортиқ мигрант иш билан таъминланган.

Бундан ташқари, Туркияга 625 нафар ва Кореяга 300 нафардан ортиқ фуқаро ишга юборилган бўлиб, 2020 йилнинг ўтган даврида эҳтиёжманд меҳнат мигрантларига 240 та имтиёзли хонадон ажратиш белгиланган.

Aввалроқ Россиядан Ўзбекистон фуқароларини олиб келиш учун қўшимча поезд қатновлари йўлга қўйилгани ҳамда ТИВ Aбхазиядан 400 га яқин ўзбекистонликни олиб келингани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар