Cамарқанд вилояти ҳокими хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ишлари талаб даражасида эмаслигини маълум қилди
Самарқанд вилояти ҳокими Эркин Турдимов раислигида навбатдаги аппарат йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлик матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, видеоселектор шаклида бўлиб ўтган йиғилишда дастлаб 2020 йил 14 июлда Шавкат Мирзиёев бошчилигида ўтказилган мажлисда берилган топшириқлар ижроси муҳокама этилди. Бунда хотин -қизлар бандлиги масаласи доимий эътиборда бўлиши зарурлиги, туман ва шаҳарлар ҳокимликлари, тегишли идоралар билан биргаликда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, улар ўртасида жиноятчилик, ҳуқуқбузарликлар, шунингдек, оилавий ажримларнинг олдини олишга қаратилган тадбирларини ошириш зарурлиги таъкидланди.
Вилоят ҳокими Эркин Турдимов муҳокамада хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш борасида мутасадди ташкилотларнинг олиб бораётган ишлари талаб даражасида эмаслигини қайд этди.
«Туманда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш бўйича олиб бораётган ишлар етарли даражада таъминланмаяпти. Дастур бўйича вилоятда бандлиги таъминланган фуқароларнинг сони 16 711 нафар бўлиб, уларнинг 9750 нафари, яъни 58,3 фоизи хотин-қизлар ҳисобланади. Лекин берилган топшириққа асосан маҳаллада хотин-қизларни ишга жойлаштириш ишлари тизимли йўлга қўйилмаган. Жойлардаги маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимларида маҳалладан хотин-қизларни ишга жойлаштириш бўйича ҳисоб-китоби йўқ», — дейди вилоят ҳокими.
Йиғилишда хотин-қизларнинг иш билан бандлиги ва уларни қўллаб қувватлаш борасидаги ишларни тизимли амалга оширишда ахборот технологияларидан фойдаланиш зарурлиги билдирилди. Шунингдек, йил якунига қадар барча МФЙларда стационар мобиль алоқа тизимлари орқали коорпоратив тармоқ ташкил этиш борасида ишлар бошлангани маълум қилинди. Ҳар бир МФЙларга 3 тадан планшет олиб бериш орқали тезкор маълумот алмашишга имконият яратиш бўйича мутасаддиларга кўрсатма берилди.
Аввалроқ Самарқандда 18 824 нафар фуқарога 220 минг сўмдан моддий ёрдам пули берилгани, ижтимоий вазияти оғир ҳамда ногиронлиги бўлган хотин-қизларга жами 47,3 миллион сўм моддий ёрдам ажратилгани ҳақида хабар берилганди.