Чортоқдаги «Сарой» маҳалласига мавжуд муаммоларни ҳал этиш учун 500 млн сўм ажратилди
Наманган вилояти ҳокими Шавкат Aбдураззоқов Чортоқ туманидаги «Сарой» маҳалласига борди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар қилди.
Хабарга кўра, мазкур маҳаллада 3500 нафар аҳоли яшайди. Хабарда айтилишича, маҳалланинг тоза ичимлик суви таъминотида муаммоси 7 километрлик тармоқ тортиш орқали ечиладиган бўлиб, амалий ишлар 6 октябрдан бошланади.
Қайд этилишича, йўлларни таъмирлаш, сим устунлар ўрнатиш, кўчаларни ёритиш бўйича ҳам мутасаддиларга тегишли топшириқ берилган. Маълум қилинишича, маҳаллага бунинг учун 500 миллион сўм ажратилди.
Таъкидланишича, учрашув давомида мактаб ва боғчани таъмирлаш бўйича маҳалла аҳлининг илтимоси қондирилиб, учрашув якунида вилоят раҳбари ҳар икки таълим масканини бориб кўрган. Қурилиш ва молия бошқармаларига тегишли топшириқ берилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Наманган туманидаги «Намуна» маҳалласига 4 километрлик ичимлик суви тармоғи тортилган эди. Шунингдек, «Элатан» маҳалласида ичимлик суви муаммосини ҳал этиш учун 300 миллион сўм ажратилгани хабар қилинганди.