ДХА 2020 йилда энг кўп қайси вилоят коммунал ташкилотларида қонун бузилиши аниқланганини маълум қилди

Давлат хизматлари агентлиги 2020 йил давомида юридик ва жисмоний шахсларнинг ичимлик ва иссиқ сув тармоқларига уланиш, шунингдек ҳисоблагичларни қиёслашдан ўтказишга оид хизматларни кўрсатиш жараёни мониторинг қилиб, аниқланган қоунун бузилиш ҳолатларини маълум қилди. Бу ҳақда агентлик матбуот хизмати хабар берди.

Фото: «Tez News»

Хабарга кўра, соҳада мурожаатларни кўриб чиқиш муддатлари бузилиши ҳолатлари тез-тез учраб, бунга коммунал ташкилот ходимларининг мурожаатларга бирламчи вазифа сифатида қарамаслиги, мурожаатларни ўз муддатида бажарилишига моддий-техник базанинг мустаҳкам эмаслиги ҳамда ходимларнинг етишмаслиги сабаб бўлган. Шунингдек, айрим ходимларнинг бепарволиги, масъулиятсизлиги ва сусткашлиги натижасида фуқароларнинг мурожаатларига ўз вақтида ва белгиланган тартибда жавоб берилмаган.

Қайд этилишича, 2020 йилда агентлик ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан коммунал ташкилотларда 20 минга яқин қонунбузилиш ҳолатлари, яъни муддат бузилиши, рад этишнинг белгиланган тартибини бузиш ва бошқалар аниқланган. Аксарият қонунбузилиш ҳолатлари хизмат кўрсатиш муддатларини бузганликда ифодаланган.

Хусусан, фуқаро Х.Ж. томонидан 2020 йил 8 январда ичимлик суви ҳисоблагичини қиёслашдан ўтказиш юзасидан юборган аризаси «Ўзсувтаъминот» АЖ томонидан кўриб чиқиш учун салкам 10 ой кечикиб қабул қилинган ва ариза ассосиз равишда рад этилган. Шунингдек, фуқаро А.Ш томонидан 2020 йил 29 сентябрда ичимлик суви ҳисоблагичини қиёслашдан ўтказиш юзасидан юборган аризаси бугунги кунга қадар кўриб чиқиш учун қабул қилинмаган.

Бундан ташқари, фуқаро О.Т томонидан 2020 йил 25 майда иссиқ сув ҳисоблагичини қиёслашдан ўтказиш юзасидан юборган аризаси «Тошиссиққуввати» ДУК томонидан 6 ойга яқин муддатга кечиктирилиб қабул қилинган ва рад этилган.

Аниқланган қонун бузилиши ҳолатларининг аксарияти Тошкент, Хоразм, Фарғона вилоятлари ва Тошкент шаҳрига тўғри келган.

Давлат хизматларини кўрсатиш тартиби ҳамда муддатларини бузганлиги учун Агентлик томонидан ижро қилиниши мажбурий бўлган 31 та тақдимнома ҳамда 11 та огоҳнома киритилди, шунингдек, 67 нафар шахсга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённомалар расмийлаштирилган. Натижада 67 нафар айбдор шахсга нисбатан маъмурий жарима ва 33 нафар шахсга нисбатан интизомий жазо чоралари қўлланилган.

Янгиликлар