Фарғона туманида фуқаронинг 1,5 млн сўмлик телефонини тортиб олган эркак ушланди
Фарғона тумани «Саткак» МФЙ ҳудудида фуқаронинг 1,5 миллион сўмлик телефонини тортиб олган эркак ушланди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Фарғона туманида 25 октябрь куни фуқаро М.М. «Саткак» МФЙ ҳудудида Н.А. қўлида бўлган нархи 1 500 000 сўмлик «Gallaxy A-5» телефонини очиқдан-очиқ тортиб олиб, талон-тарож қилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Фарғона тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 166-моддаси (Талончилик) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани маълум қилинган.
Фарғона вилоят Ички ишлар бошқармаси юқоридаги кўрсатилган жиноятни содир этган шахс беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкинлиги ҳақида хабар берган.
Аввалроқ Марғилонда пиёданинг 800 минг сўмлик телефонини тортиб олган ҳайдовчи, Қўқонда ҳайдовчининг 1,6 миллион сўмлик телефонини фойдаланишга олиб, пулини бермаган аёл қўлга олинганди. Шунингдек, Учкўприкда фуқаронинг телефонини тортиб олган 4 нафар йигит қамоққа олинганди.