Фарғонада йилига 30 мингта кислород концентратори ишлаб чиқарадиган корхона очилди
Фарғона вилояти ҳокимининг ташаббуси билан «Қўқон» эркин иқтисодий зонасида кислород концентраторини ишлаб чиқариш бошланди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Маълум бўлишича, лойиҳа ишлари тадбиркор Шавкатжон Ҳамзаев таъсисчиси бўлган «Great Kokand» МЧЖ томонидан олиб борилган. Шунингдек, умумий қиймати 300 минг АҚШ долларини ташкил этадиган корхона фойдаланишга топширилган. Унда иштирок этган вилоят ҳокимининг ўринбосари М.Абдураҳмонов талаб юқори бўлган мазкур тиббий жиҳознинг ишлаб чиқарилиши, аввало, вилоят ва республика тиббиёт муассасаларини кислород концентратори билан тўлиқ таъминлаш имконини беришини, қолаверса, вилоят экспорт салоҳиятини оширишини айтиб ўтган.
«Вилоятимизда аҳолини коронавирус пандемиясидан асрашга, уларнинг саломатлигини мустаҳкамлашга катта эътибор қаратилмоқда. Бунинг учун вилоятимиз ҳокими Шуҳрат Ғаниев бошчилигида катта тадбирлар амалга оширилиб, тиббиёт масканларининг моддий-техник базаси мустаҳкамланди, беморлар учун махсус жойлар ва дори-дармон захираси яратилди. Шундай шароитда хавфли касалликка қарши курашишга ўзимизнинг ҳиссамизни қўшганимиздан мамнунмиз», — дейди корхона директори Ф.Раҳмонов.
Мазкур корхонада йилига 30 000 дона кислород концентратори ишлаб чиқарилади. Шу билан бирга, бу ерда 20 та янги иш ўринлари яратилди.
Аввалроқ Самарқанд шаҳрида 600 минг долларлик кислород заводи ўрнатилиши, Андижонда коронавирус беморларига бюджет ҳисобидан 64 хилдаги дорилар берилаётгани ҳақда хабар қилинган эди.