Фарғонада оиласида мунтазам келишмовчилик бўладиган аёлга ҳимоя ордери берилди
Фарғона вилоятининг шаҳар ва туманларида профилактик тадбирлар ўтказилди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси хабар берди.
Маълум қилинишича, Фарғона шаҳридаги кўп қаватли уйларда муқим ва ижарада яшаётган фуқаролар маълумотлари ўрганилди. Уларга яшаш манзилига рўйхатдан ўтказиш масалаларида маслаҳат берилди.
Бундан ташқари, оиласида мунтазам келишмовчилик бўлиб турадиган аёлга ҳимоя ордери берилди.
Шунингдек, Тошлоқ туманида ўтказилган профилактик тадбирда аҳолининг томорқадан фойдаланиш самарадорлиги кўздан кечирилди. Шу билан бирга туманда профилактика куни муносабати билан маъмурий суд ташкил этилди. Бунда 15 нафар шахсга нисбатан маъмурий ишлар кўриб чиқилди. Судда майда безорилик, ҳақорат қилиш, ёнғин хавфсизлиги ҳамда карантин қоидаларини бузиш каби ҳуқуқбузарликлар кўриб чиқилди. 1 нафар шахсга маъмурий қамоқ, 11 нафар шахсга нисбатан жарима жазолари тайинланди. 3 нафар шахс эса жавобгарликдан озод қилинган.
Аввалроқ Жондорда спиртли ичимликлар истеъмол қиладиган эркакнинг онаси ва опасига 30 кунлик ҳимоя ордери берилгани ҳақида хабар берилганди.
Бундан ташқари, Олотда доимий равишда жанжаллашиб келадиган овсинларга 30 кунлик ҳимоя ордери берилгани ҳақида хабар берилган. Кейинчалик Вобкентда бир-бирига тазйиқ ўтказиб келган қайнана ва келинга ҳимоя ордерлари берилгани маълум қилинганди.