Фарғонада сотиб олинган 2 бош қорамолнинг пулини охиригача тўламай, бошқа кишига сотиб юборган шахс жавобгарликка тортилди

Фарғона туманида 2020 йил 11 август санасида 27 миллион сўмлик 2 бош қорамолни сотиб олиб, пулини охиригача тўламай, молларни бошқа кишига сотиб юборган фуқарога жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Фарғона вилояти ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, фуқаро Т.Х. «Ёшларобод» МФЙ ҳудудида жойлашган чорва моллари бозорида А.Х.нинг ишончига кириб, нархи 27 миллион сўмлик икки бош қорамолини сотиб олишга келишган. 100 АҚШ доллари миқдоридаги пулни бериб, қолган 25 800 000 сўм пулни бир кун муддатда беришини айтиб, қорамолни олиб кетган. Бироқ берган ваъдасини бажармасдан алдов йўли билан қўлга киритган қорамолларни бошқа шахсга сотиб юбориб, пулларни ўз эҳтиёжларига сафлаб юборган.

Мазкур ҳолат юзасидан Фарғона тумани ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 2-қисми «а» банди (Фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Маълумот учун, юқорида кўрсатилган жиноятни содир этган шахс беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.

Аввалроқ Тошлоқда салкам 40 миллион сўмлик қорамолларни олиб, пулини тўламаган шахс қўлга олингани ва Қоракўлда фуқароларнинг қорамолларини сотиб, салкам 490 миллион сўм пулини «ухлатган» шахс ушлангани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар