Тошлоқда салкам 40 млн сўмлик қорамолларни олиб, пулини тўламаган шахс қўлга олинди
Фарғона вилояти Тошлоқ туманида умумий қиймати 38,5 миллион бўлган, қарзга олинган қорамолларни сотиб, пулларини ўз эҳтиёжига ишлатиб юборган шахс қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят ИИБ хизмати хабар қилди.
Хабарга кўра, 30 август куни Х.Ш. ИИБга мурожаат қилиб, июль ойида номаълум шахс Терактаги қишлоғида жойлашган молхонасига келиб, умумий нархи 38,5 миллион сўмлик олти бош қорамолини сотиб олишга келишиб, пулларни бир кун муддатда беришини айтиб, қорамолларни олиб кетган.
Ушбу шахс берган ваъдасини бажармасдан, алдов йўли билан қўлга киритган қорамолларни бошқа шахсга сотиб юбориб, пулларни ўз эҳтиёжларига сарфлаб юборган.
Олиб борилган тезкор қидирув ҳаракатлари давомида ушбу жиноятни Р.Д. содир этганлиги аниқланиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан Тошлоқ тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 2-қисми (Фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Наманганда танишига «Lacetti»сини сотишни ваъда қилиб, уни 4750 долларга чув туширган шахс, Самарқандда «Tracker» олиб беришини айтиб, танишини 21 минг долларга чув туширган шахс, Фарғонада маиший техника воситаларини арзон нархда олиб беришини айтиб, танишини 55 минг долларга «ухлатган» шахс ушлангани ҳамда Наманганда фуқарони 200 минг долларга чув туширган фирибгарга жиноят иши қўзғатилгани ҳақида хабар берилганди.