Наманганда танишига «Lacetti»сини сотишни ваъда қилиб, уни 4750 долларга чув туширган шахс ушланди
Наманган вилоятида танишига ўзининг «Lacetti» автомашинасини сотишга келишган, аммо 4750 доллар олгач, машинани унинг номига расмийлаштирмай кетган фуқаро қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар берди.
2020 йил 20 август куни Янгиқўрғон туманида яшовчи фуқаро ИИБга ариза билан мурожаат қилган. Унда 2019 йил май ойида Наманган шаҳрида яшовчи 1994 йилда туғилган фуқаро «Lacetti» русумли автомашинасини 7200 АҚШ долларига сотишга келишиб, 4 750 АҚШ долларини олиб, автомашинани номига расмийлаштириб бермай, орадан маълум вақт ўтганидан сўнг автомашинани олиб кетиб, пулларини қайтариб бермаётганлигини маълум қилган ва фуқарога нисбатан чора кўришни сўраган.
Ҳозирда ушбу ҳолат бўйича Наманган шаҳар ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Маълумот учун, ушбу моддага кўра, айбланувчи базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Аввалроқ Самарқандда «Tracker» олиб беришини айтиб, танишини 21 минг долларга чув туширган шахс қўлга олингани, Фарғонада алимент тўламаган ва фирибгарлик қилган қидирувдаги 2 шахс қўлга олингани хабар қилинган эди.