Самарқандда «Tracker» олиб беришини айтиб, танишини 21 минг долларга чув туширган шахс қўлга олинди (видео)

Самарқанд шаҳрида яшовчи С.К. «Tracker» олиб бериш учун танишидан 21 минг доллар олган. Бу ҳақда Самарқанд шаҳар ҳокимлииги матбуот хизмати хабар берди.

Самарқанд шаҳри Беруний кўчасида яшовчи фуқаро С.К. оқдарёлик танишидан «Tracker» олиб бераман, деб 21 минг доллар пул олган ва пулни ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборган.

Бу борада Оқдарё туман ИИБга 28 август, жума куни ариза тушган ва фирибгар ўша куннинг ўзида қўлга олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан 28 август куни Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) 4-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Маълумот учун, ушбу модда билан айбланган фуқаро базавий ҳисоблаш миқдорининг тўрт юз бараваридан олти юз бараваригача миқдорда жарима ёки саккиз йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Аввалроқ Фарғонада маиший техника воситаларини арзон нархга олиб беришини айтиб, танишини 55 минг долларга чув туширган шахс қўлга олиинган эди. Шунингдек, Наманганда фуқарони 200 минг долларга чув туширган шахсга жиноят иши қўзғатилгани хабар қилинган эди.

Янгиликлар