Гулистондаги коронавирус беморларини даволаш марказидаги портлаш бўйича қўшимча маълумот берилди

Сирдарё вилояти Гулистон шаҳрида 7 октябрь, чоршанба куни соат 8:13 да «Aлпомиш» спорт мажмуасида ташкил этилган коронавирусга гумон қилинган ёки касалланган беморларга тиббий ёрдам кўрсатиш, саралаш ва тақсимлаш марказида портлаш юз берган. Сирдарё вилояти ИИБ ахборот хизмати «Tez News»га берган маълумотга кўра, кислород баллонида салбий ҳолат юзага келган, бироқ ёнғин келиб чиқмаган.

Фото: «Tez News»

Маълум қилинишича, воқеа жойига вилоят ҳокими, вилоят прокурори, ДХХ, ИИБ, ФВБ, ССБ бошлиқ ва ходимлари зудлик билан етиб келиб, вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларининг терговчи ва бошқа тезкор ходимларидан иборат тезкор-тергов гуруҳи, тезкор маълумотлар ва фавқулодда ҳолатлар бўйича штаб, ахборот-таҳлил гуруҳи тузилган.

«Ҳамкор ташкилотларнинг тезкор-қидирув ва қутқарув кучлари тўлиқ жалб қилиниб, салбий ҳолат оқибатлари бартараф этилмоқда», — Сирдарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати хабарида.

Шунингдек, Сирдарё вилояти ИИБ мажмуада кислород станциясига хизмат кўрсатган 1 нафар фуқаро — Д.М. тан жароҳати олиб, РШТЁИМ (Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази) Сирдарё вилояти филиалига ёткизилиб, керакли тиббий муолажалар кўрсатилаётгани, портлаш оқибатида вафот этган фуқаролар йўқлигини маълум қилган. Бошқарма вазиятни тўлиқ назоратга олганини маълум қилган. Ҳозирда етказилган моддий зарар миқдори аниқланмоқда.

Мажмуадаги беморлар РШТЁИМ Сирдарё вилояти филиали, вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази, болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази ва вилоят тери-таносил касалликлари диспансерига тўлиқ жойлаштирилиши таъминланган, мажмуа ва унинг атрофида жойлашган биноларга моддий зарар етган (бино бузилиши ва йирик талафотлар мавжуд эмас).

Сирдарё вилояти ИИБ ахборот хизмати хабари

Аввалроқ «Tez News» портлашдан сўнг «Aлпомиш» спорт мажмуасида вужудга келган фавқулодда ҳолат акс этган вазиятда олинган фотоларни эълон қилганди.

Янгиликлар