Ўзбекистонда қурилиш соҳасида «ресурсли» услубдан воз кечишади
Ўзбекистонда қурилиш соҳасида «ресурсли» услубдан «ҳажмли» услубга ўтишади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев хабар берди.
Давлат раҳбари 2024-йилда инвестицион дастур доирасида 1637 нафар инфратузилма объектлари қурилиши режалаштирилганини таъкидлаб ўтди. Бироқ, соҳа ёки ҳудуд раҳбарлари бюджет маблағларидан самарали фойдаланиш ва қурилиш сифатини таъминлаш бўйича намунавий тизим яратишмаган.
Шунингдек , Шавкат Мирзиёев ажратилган бюджет маблағларини мақсадсиз ишлатиш, ўзлаштириш ва талон-тарож қилиш ҳолатларини қайд этиб ўтди. Ўз навбатида, мавжуд ҳолат тадбиркорларни «ўғринча» ишлашга мажбур қилмоқда.
«Замонавий лойиҳалаштириш ва қурилиш жараёнлари «ресурсли» услубга асосланган. У юзлаб шартларни ўз ичига олади, мактаб қурилишига қанча қурувчи кераклигидан тортиб, керакли ускуналар турига қадар. «Ҳажмли» услубда ижрочидан якуний натижа сўралади. Муҳими, қурувчи объектни вақтида ва сифатли қилиб топшириши лозим», – дейилмоқда хабарда.
Соҳада «ҳажмли» услубни 2025-йилнинг 1-январидан жорий қилиш режалаштирилмоқда. У бутун лойиҳа-смета ҳужжатларини тузиш, ишни бажариш ва объектни қабул қилиш вақтида ҳисобга олинади.