Хайрулла Бозоров Норин туманидаги ғўза парвариши билан танишди (фото)
Наманган вилояти ҳокими Хайрулла Бозоров Норин туманидаги ғўза парвариши билан танишди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, туманда 2020 йил 21 182 тонна пахта етиштирилиши, ҳар гектардан ўртача 35 центнердан ғўза териб олиниши режалаштирилган.
Қайд этилишича, вилоят ҳокими «Уч уйлик ёғдуси», «Отажон ўғли Козимжон», «Фозилжон қизи Зулхумор», «Қўшчинор бўстони» каби фермер хўжаликлари далаларини кўздан кечирган.
«Пахтанинг соғломлиги, ҳосилнинг чўғи бор-йўқлигини далага шундай қараб, билса бўлади. Норин туманидаги биз кўрган хўжаликларда ғўзаларнинг қадди тик, бўйдор. Бундай кўчатлардан юқори ҳосилни кутиш мумкин. Бунинг учун фақат ҳар бир кунни ғанимат билиш, ишга оқилона ва масъулият билан ёндошиш, асло хотиржамликка берилмаслик зарур. Шунда якунда юзимиз ёруғ, натижалар эса кутилганидан зиёда бўлади», — деди Хайрулла Бозоров.
Шунингдек, вилоят раҳбари ғўза қатор ораларига ишлов бериш, маҳаллий ўғит ёрдамида енгил суғориш, зараркунанда ва ҳашаротларга қарши биостимулятор, «Сожеан» ва «Aгрофос» препаратларини қўллаш ҳақида таъкидлаган.
Aввалроқ Хайрулла Бозоров Мингбулоқдаги инновацион технологиялар асосида экилган пахта далаларида бўлгани ҳақда хабар берилган эди.
Кейинчалик Наманган ҳокими Учқўрғон туманидаги ғўза майдонларини кўздан кечиргани маълум қилинганди.