Хитой коронавирусга қарши оммавий тарзда эмланишни бошлади
Хитойда ўн минглаб одамлар коронавирусга қарши тажрибавий вакцина билан эмланди. Бу ҳақда «New York Post» хабар берди.
Хабарга кўра, вакцинанинг хавфсизлиги ва самараси исботланмаган. Хитойликлар ушбу вакцинани июль ойидан олишни бошлаган.
Хитой соғлиқни сақлаш миллий комиссияси аъзоси Чжэн Чжунвэй ХХР вакцинани қўллашдан аввал ЖССТдан тасдиқ олганини билдирган. Унинг айтишича, «юқори хавфли» касб эгалари, жумладан, тиббиёт ходимлари 22 июлдан вакцинани қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган. Чжэн Чжунвэй клиник синовлар вақтида вакцина жиддий салбий оқибатларга олиб келмаганини маълум қилган.
Ўз навбатида, ЖССТ вакцинадан фавқулодда фойдаланиш бўйича Хитой «ички рухсат» берганини, бундай ҳолатларга ташкилот аралашмаслигини билдирган.
Аввалроқ Ўзбекистон Россия вакцинасини ҳамкорликда синовдан ўтказишга қизиқиш билдиргани, Россиянинг «Спутник V» вакцинасининг биринчи партияси муомалага чиқарилгани хабар қилинган эди.