Наманганликлар сўнгги 1 ойда спорт турлари бўйича республика чемпионатида 75 та медални қўлга киритди
Наманган шаҳрида спортчи ёшлар карантин юмшатилгач, 1 ой ичида 75 та медални қўлга киритди. Бу ҳақда шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Наманган шаҳар Спорт ўйинлари ва енгил атлетикага ихтисослашган болалар ва ўсмирлар спорт мактаби ўқувчилари спортнинг турли йўналишларида бўлиб ўтган Ўзбекистон чемпионатида қатнашиб совринли ўринларни эгаллаган.
Сўнг 1 ой ичида расмий Ўзбекистон чемпионатида ёшлар спортнинг футбол тури бўйича 31 та кумуш ва бронза, волейбол бўйича 12 та кумуш медал соҳибига айланган. Енгил атлетикадан эса жами 16 та медал соҳиби бўлиб, шундан, 2 та олтин, 5 та кумуш, 9 та бронзага эга бўлиб қайтган. Чим устида бўлиб ўтган спорт мусобақаларида, хоккей бўйича 12 та кумуш, бадминтон спорт тури бўйича эса 2 та бронза медалига сазовор бўлган.
Спорт мактаби ўқувчилари жами 75 та медал тўпланмасини қўлга киритган. Ҳозирги кунда спорт мактабида теннис, баскетбол ва футбол бўйича ўтказиладиган Ўзбекистон чемпионатига тайёргарлик жараёнлари олиб борилаётгани маълум қилинган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Марҳаматда ўтказилган волейбол бўйича Ўзбекистон чемпионатида андижонлик қизлар ғолиб бўлгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Андижонда ўтказилган бокс бўйича республика турнирида 7 нафар андижонлик спортчилар совриндор бўлгани маълум қилинган.