Каттақўрғонда танишидан 135 млн сўмлик қорамол олиб, пулини бермаган фуқарога жиноий иш қўзғатилди
Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманида танишидан қиймати 135 миллион сўм бўлган қорамолни сотиб олиб, пулини бермаган шахсга жиноий иш қўзғатилди. Бу ҳақда Республика Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.
Таъкидланишича, Каттақўрғон туманида 2020 йилнинг 12 сентябрь куни 23 ёшли Х.М. туман Ички ишлар бошқармасига ариза билан мурожаат қилиб, ўз аризасида июнь—июль ойларида таниши 31 ёшли Ф.Э. ундан 12 бош қорамолни олганини айтган. Шундан сўнг гўшт ҳисобида жами 135 миллион сўмга қорамолни баҳолаб, уларнинг пулларини 2020 йилнинг июль ойини охирига қадар беришга келишган. Ваъда бериб, келишган пулни бермасдан келаётганини маълум қилган. Шу сабабли унга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.
Ҳолат юзасидан Каттақўрғон тумани Ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Ф.Э.га Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) 4-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирги кунда етказилган моддий зарарни қоплаш чоралари кўрилиб, тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Маълумот ўрнида, юқорида кўрсатилган жиноятни содир этган шахсга базавий ҳисоблаш миқдорининг тўрт юз бараваридан олти юз бараваригача миқдорда жарима ёки саккиз йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Aввалроқ Қоракўлда 13 кишининг молини олиб, уларни салкам 490 миллион сўмга «ухлатган» савдогар қўлга олингани ҳақида хабар берилганди.