Маҳалла вазирлиги муттасил калтакланган самарқандлик аёлнинг оиласини сақлаб қолиш имконсиз эканини айтди
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг биринчи ўринбосари Гулнора Маъруфова зўравонликка учраган самарқандлик аёл ва унинг фарзандлари ҳолидан хабар олди. Бу ҳақда «Zarnews» хабар берди.
«Гулнора опа билан биргаликда Мустаҳкам вақтинча яшаб турган жойга бориб, у билан суҳбатлашдик. Гулнора Маъруфова аёл билан гаплашиб, ҳозирги вазиятда асосий масала у ва фарзандларининг саломатлиги эканлигини таъкидлаб, бу нотинч оилани яраштириш ёки сақлаб қолиш имконсизлигини қайд этди. Зўравон эрга нисбатан ҳуқуқ-тартибот идоралари қонунчиликда белгиланган тартибда чора кўриши, аёл давлатимиз ҳимоясида бўлишини билдирди», — дейди Самарқанд вилояти маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари С.Жумаева.
С.Жумаева ҳозирда аёл ва унинг фарзандлари саломатлиги ва психологик ҳолати вилоят ҳокимлигининг ҳам назоратида эканини таъкидлаган.
Маълумот учун, 22 август куни Мустаҳкам эри уни аёвсиз калтаклаганидан сўнг уйидаги камерадан ушбу ҳолат акс этган ёзувни амаллаб кўчириб олган. 23 август куни видеоёзув ижтимоий тармоқларда тарқагач, Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ ходимлари томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилиб, Мустаҳкамнинг эрига нисбатан жиноят иши қўзғатилган. Аёлнинг ўзига ҳимоя ордери берилган. Кейинчалик Мустаҳкамнинг қайнатаси муайян шахсларга пул бериб, ишни «босди-босди» қилишга урингач, блогер Ақида Ҳанум Мустаҳкамнинг илтимосига кўра билан интервью уюштириб, уни ўзининг Facebook’даги саҳифасига жойлаган. Интервьюда Мустаҳкам эри уни 8 йил давомида муттасил калтаклаб келгани, бир сафар унга мажбуран ишлатилган памперс едирганини айтган.
Аввалроқ ҳокимлик ушбу оилани яраштирмоқчи бўлгани, блогер буни «шарманда» деб атагани ҳабар қилинган эди. Шунингдек, Сенат Мустаҳкамнинг аёвсиз калтакланиши ҳолати назоратга олинганини маълум қилган эди.