Ўзбекистонда мансабдорларнинг хизмат машиналарига GPS ўрнатилиши мумкин
Шавкат Мирзиёевнинг «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларида хизмат автотранспортларидан фойдаланиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори лойиҳаси 2020 йил 12 август куни regulation.gov.uz порталига жойлаштирилди.
Қарорга кўра, хизмат автотранспортлари давлат бюджети маблағлари ҳисобидан:
— давлат ҳокимияти ва республика давлат бошқаруви органларида, шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти органларида биринчи раҳбарлар ҳамда уларнинг ўринбосарларига;
— вазирлик, давлат қўмиталари ва идоралар ҳузуридаги давлат органларида ҳамда давлат бошқаруви органларининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудий бўлинмаларида биринчи раҳбарларга шахсан бириктирилиши белгиланган.
Маълум бўлишича, Молия вазирлиги Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда 2021 йил 1 январга қадар:
— давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларида аxборот-коммуникация теxнологияларини кенг қўллаш орқали хизмат автотранспортларини сунъий йўлдош кузатиш тизимидан (GPS навигатор) фойдаланиб назорат қилиш;
— ташкилотлар кесимида хизмат автотранспортлари сони, йўл босиш йиллик лимитининг белгиланган меъёрларга мувофиқлигини, ёнилғи сарфи, автомобиль маркаси ва ишлаб чиқарилган йили ҳисобини юритиш имкониятини берувчи дастурий таъминот ишлаб чиқиши ва амалиётга жорий этиши белгиланади;
— шу билан бирга, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари хизмат автотранспортларининг сони, йўл босиш йиллик лимитининг белгиланган меъёрларга мувофиқлигини доимий мониторинг қилиб ҳамда унинг натижаларини ҳар чорак якуни бўйича ўзининг расмий веб-сайтида жойлаштириб боради.
Шунингдек, 2021 йил 1 январдан бошлаб давлат ҳокимияти (маҳаллий давлат ҳокимияти органлари бундан мустасно) ва республика давлат бошқаруви органларида:
— хизмат мақсадларида, шу жумладан, хорижий делегациялар ва меҳмонларга хизмат кўрсатиш аутсорсинг шартлари асосида автобус, такси ва бошқа махсус транспорт воситалари хизматларидан фойдаланиш тизими жорий этилади. Бунда, ушбу органлар томонидан автобус, такси ва бошқа махсус транспорт воситалари хизматларини жалб этиш давлат харидлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади;
— хизмат автотранспортлари Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан бериладиган давлат органининг номи акс эттирилган махсус эмблема (голограмма) билан жиҳозланади;
— хизмат автотранспортларидан фақат хизмат мақсадларида фойдаланилиши жамоатчилик томонидан назорат қилинади ҳамда хизматдан ташқари мақсадларда фойдаланиш ҳолатлари аниқланганда, Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг махсус веб-порталига, шунингдек, махсус мобиль дастурий таъминотига фото ва видео материалларни жойлаштириш орқали хабардор қилинади.
Маълумот ўрнида, қарор лойиҳасининг муҳокамаси 2020 йилнинг 27 августигача давом этади.
Аввалроқ Мингбулоқда аҳолининг 190 млн сўм пулини талон-торож қилган мансабдорлар фош этилгани, Бухорода тадбиркордан фирибгарлик йўли билан 600 минг сўм пора олган мансабдор шахс ва Андижонда ҳокимликдаги танишлари орқали 2 гектар ер олиб беришни айтиб, эвазига 30 минг доллар сўраган мансабдор қўлга олингани ҳақида хабар берилганди.