Марказий банк январь—июль ойларидаги халқаро пул ўтказмалари ҳажмини эълон қилди
Ўзбекистонга келиб тушган трансчегаравий пул ўтказмалари ҳажми 3 миллард долларни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 7 фоизга камайди, деб хабар берди Марказий банк матбуот хизмати.
Маълум бўлишича, республикага келиб тушган трансчегаравий пул ўтказмалари ҳажми 3 миллиард долларни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 217 миллион долларга (7 фоизга) камайган.
Шунингдек, чет элга юборилган трансчегаравий пул ўтказмалари миқдори 516 миллион долларга етиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 47 миллион доллар (8 фоизга) ҳамда трансчегаравий пул ўтказмалари бўйича ижобий сальдо 2,5 миллиард долларга етиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 170 миллион долларга (6 фоизга) камайган.
Аввалроқ Ўзбекистон Покистон Миллий банкининг ваколатхонасига берган аккредитация сертификатини бекор қилгани ҳамда доллар курси яна кўтарилгани ҳақида хабар берилганди. Унга кўра, 1 АҚШ долларининг расмий курси 15,00 сўмга ошиб, 10 246,71 сўмни ташкил қилган. 1 евро курси 12 133 сўм 13 тийинга баҳоланиб, 74 сўмга қимматлашган. Шунингдек, 1 рубль 140 сўм 65 тийин этиб белгиланган.