Мингбулоқда аҳолининг 190 млн сўм пулини талон-торож қилган мансабдорлар фош этилди

Наманган вилояти Мингбулоқ туманида аҳолидан тоза ичимлик суви учун йиғилган 190 миллион сўм пул талон-торож қилинганлиги фош этилди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати «Tez News»га хабар қилди.

Маълум бўлишича, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Мингбулоқ туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда тумандаги «Тоза ичимлик сув» УК собиқ мансабдор шахслари томонидан тоза ичимлик суви учун аҳолидан йиғиб олинган 190 миллион сўм нақд пул маблағларини тегишли банк кассасига топширмасдан талон-торож қилганликлари аниқланган.

Ҳолат юзасидан корхона раҳбарининг собиқ биринчи ўринбосари М.Б.га нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми «а» банди (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Аввалроқ Учқўрғондаги боғчани таъмирлашда 173,2 млн сўм бюджет маблағини талон-торож қилганлар қўлга олингани, Бекободда кам таъминланган оилалар учун ажратилган маблағларни талон-торож қилган маҳалла раисига жиноят иши қўзғатилгани, Шаҳрихонда кам таъминланган оилаларга ажратилган 82 млн сўм буджет маблағлари талон-торож қилингани хамда Андижонда 250 млн сўмга яқин бюджет маблағларини талон-торож қилган мансабдорлар қўлга олингани ҳақида хабар берилганди.

Шунингдек, Навоийда солиқ инспекцияси тадбиркордан 6 миллиард сўм пулни ноқонуний ундиришга ҳаракат қилгани, Тошкентда фуқароларнинг 5 миллиард сўмдан ортиқ пулини талон-торож қилган агентлик мансабдорларига жиноят иши қўзғатилгани ва Aндижонда МИБ ходими ва фуқаро қарийб 73 миллион сўмни талон-торож қилгани маълум қилинганди.

Янгиликлар