Мутахассис коронавирус антитаначаларини аниқловчи тестни фойдасиз деб атади
Антитаначаларни аниқлайдиган тест пулни кўкка совуришдан бошқа нарса эмас, дейди ўта хавфли инфекциялар бўйича мутахассис Владислав Жемчугов «Комсомолькая правда» нашрига берган интервьюсида.
Интервьюда у гап Россиядаги хусусий лабораторияларда таҳлил нархи 970 рублдан (12,6 доллар) бошланадиган тест ҳақида кетаётганини маълум қилган.
«Узоғи билан, коронавирусга чалинган ёки чалинмаганингизни, агар чалинган бўлсангиз бунга қанча вақт бўлганини билишингиз мумкин. Агар таҳлил натижалари мусбат чиқса, бу ниқобсиз юриш ва умуман хавфсизлик чораларини эътиборсиз қолдириш мумкин дегани эмас», — дейди Жемчугов.
Мутахассиснинг сўзларига кўра, қонда ҳимоя оқсилларининг мавжудлиги беморни ниқоб режимига амал қилиш мажбуриятидан озод қилмайди. Бундан ташқари, коронавирусдан тузалган одамда шаклланган иммунитет қай даражада кучли ва қанча вақтгача давом этиши ҳалигача номаълум.
COVID-19’ни келтириб чиқарадиган SARS-CoV-2 вирусига жавобан инсоннинг иммун тизими антитанача деган оқсил ишлаб чиқаради. Беморнинг қонида антитанача қанча вақт қолишига қараб, унинг касалликни қайта юқтириб олмаслиги аниқланади. АҚШ ва Канаданинг иммунолог олимлари ўтказган иккита янги тадқиқотга кўра, коронавирусга қарши ҳосил бўлган антитанача бемор аниқ белгилар билан касалликни бошдан кечиргач камида 3 ой сақланиб туради.
Аввалроқ 10 октябрь соат 23:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус билан касалланганлар сони 60 776 тани ташкил этгани хабар қилинган эди. Малакатда коронавирус оқибатида жами 502 киши вафот этган.