«ЖССТ она сутида коронавирусга қарши курашувчи антитаначалар мавжудлигини аниқлади» — Барно Абдусаматова
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Барно Абдусаматова Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан она сутида коронавирусга қарши курашувчи антитаначалар мавжудлиги аниқланганлигини маълум қилди.
Барно Абдусаматованинг айтишича, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти она коронавирус билан касалланган бўлса ҳам, янги туғилган болани кўкрак сути билан эмизишни тавсия этмоқда. Чунки кўкрак сутида жуда кўп иммуномодулинлар ва касалликка қарши курашувчи антитаначалар мавжуд. Шу боис она сути бола учун «биринчи эмлаш» вазифасини бажаради.
Маълумотларга кўра, ҳомиладор аёллар билан биргаликда чақалоқларда ҳам жуда минимал фоизда коронавирусга чалиниш ҳолатлари кузатилмоқда.
«Тажрибалар кўрсатишича, она сути чақалоқларга вакцинациядек таъсир қилмоқда. Коронавирус билан касалланган онадан туғилган чақалоқлардан 12-24 соат ичида ва 24 соатдан кейин олинган тестлар уларнинг иммунитетида касаллик билан курашиш қобилияти шаклланганини кўрсатмоқда», — деди Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Барно Абдусаматова.
Эслатиб ўтамиз, Тошкентда коронавирусга чалинган 22 ёшли ва 34 ёшли ҳомиладор аёл вафот этган. Шунингдек, коронавирус юқтирган бемор бепуштликка чалиниши ҳақидаги хабарларга мутахассис изоҳ берганди.