«Mystery box» компанияси асосчиси 8К форматида Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти тўғрисида видеоролик суратга олган (видео)

«Mystery box» компанияси асосчиси, америкалик влоггер Жакоб Шварц томонидан 8К форматида Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти тўғрисидаги видеоролиги суратга олинган.

Мамлакатнинг архитектура ва тарихий-маданий меросига бағишланган ушбу лавҳанинг суратга олиниши 2019 йил апрел-май ойларида Туризмни ривожлантириш қўмитаси кўмаги билан амалга оширилди. Кейинчалик ушбу материал YouTube тармоғидаги «Jacob + Katie Schwarz» расмий каналига жойлаштирилди.

Туризмни ривожлантириш қўмитаси вакиллари билан музокаралар доирасида Жакоб Шварц ўзи ва 3 нафар ҳамкасби учун 10 кун муддатга Ўзбекистон бўйлаб инфо-тур ташкил этишни сўраб, мурожаат қилган. Инфо-тур доирасида улар Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарларида бўлган.

Муаллифлар YouTube’га жойлаштирилган видео изоҳида қуйидагиларни ёзиб қолдирган:

«Туризм қўмитаси бизни ушбу ранг-баранг ва гўзал мамлакатни камерага тушириш учун таклиф қилди. Сиз ҳам биз билан бирга Самарқанддаги масжид ва мақбараларга, Тошкент шаҳрига ва унинг гўзал метросига, Бухородаги Сомоний мақбарасига, Жума масжидига, Хивадаги Ичан қалъага ва бошқа масканларга саёҳат қилинг».

Маълумот учун, 8К – горизонтал, тахминан 8000 пикселга тўғри келувчи, рақамли кинематограф ва компютер графикаси хусусиятларини билдирувчи тушунча. 8К — 4К’нинг издоши бўлиб, аввалги стандартни ўта юқори аниқлик бўйича 4 бараварга ортда қолдиради. Мазкур форматда тасвирга олинган видеоматериаллар сони жуда кам. Съёмка ускуналари қимматбаҳолиги сабабли Марокаш, AҚШ, Япония ва Перу каби саноқли мамлакат салоҳиятини намоён этувчи бундай водеоматериалларга эга.

Янгиликлар