Наманган ҳокими вилоятдаги қиймати 16 млрд сўмлик қурилиш объектлари билан танишди (фото)
Наманган вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров Косонсой тумани «Гўрмирон» МФЙдаги қарийб 3 гектар майдонда қад ростлаган 2 та кўп қаватли, 40 та хонадонли турар жой биноси, буюм, деҳқон ва ҳайвон бозорлари ҳамда автотураргоҳлар қурилиши жараёни билан танишди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Хабарда айтилишича, умумий қиймати 16 миллиард сўмлик лойиҳанинг 3 миллиард сўми банк кредити ҳисобланади. «Осмон сайёраси» МЧЖ буюртмаси асосида қурилишга ихтисослашган «Ҳасанобод» МЧЖ томонидан ҳозиргача 10 миллиард сўмлик ишлар уддаланиб, бунёдкорлик давом эттирилмоқда.
Вилоят раҳбари бугунги мураккаб пандемия шароитида бозорларда ижтимоий масофани қатъий сақлаш бўйича зарур чоралар кўриш, савдо-сотиқ қоидаларига тўла риоя қилиш, сотувчи ва харидорларга муносиб шарт-шароитларни яратиш, санитария-эпидемиология меъёр ва талабларига мувофиқ иш ташкил этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли кўрсатма ва топшириқлар берди.
Шунингдек, вилоят раҳбари шу ернинг ўзида «Намуна», «Тергачи», «Гўрмирон» кичик саноат зоналарида барпо этилиши кутилаётган лойиҳалар тақдимотида иштирок этди. Умумий қиймати 417 миллиард сўм бўлган 50 га яқин лойиҳа тўлиқ ишга тушиши ва бунинг натижасида 1300 та янги иш ўринлари яратилиши кўзда тутилмоқда.
«Аҳолини иш билан таъминлаш, иқтисодий ислоҳот ва ижтимоий ўзгаришларнинг самарасига хизмат қилувчи бундай лойиҳаларнинг ҳар бирини ўз вақтида изчил амалга ошириш, уларнинг сони ва сифатини пухта кўриб чиқиш, ҳар қарич ердан унумли фойдаланиш, дастурга киритилган чора-тадбирларнинг ижроси устидан тизимли назорат ўрнатиш, тасдиқланган лойиҳаларни бажаришнинг самарадорлигини таъминлаш муҳим аҳамиятга эга», — деди Хайрулло Бозоров.
Аввалроқ Наманган вилояти ҳокими Бибиона зиёратгоҳидаги қурилиш ишлари билан танишгани ва вилоятда йиллик қуввати 300 минг тоннага тенг бўлган цемент заводи қурилиши хабар қилинган эди.