Наманган шаҳрида 40 млн долларга 300 ўринли диагностика маркази ва бир қанча объектлар қурилади (фото)
Наманган вилояти Наманган шаҳрида 40 миллион долларга 300 ўринли диагностика маркази, меҳмонхона, савдо уйлари ҳамда мактабгача таълим ташкилоти қурилади. Бу ҳақда шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Хабарга кўра, Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззақов шаҳар ҳокими Олим Исаев ҳамда сектор раҳбарлари билан Ахсикент кўчасидаги қурилиш ишлари билан танишган.
Маълум бўлишича, «MerryMedfarm» МЧЖ Германия Федерацияси «TextimeExportImportGmBh» компанияси билан ҳамкорликда инвестиция асосида 300 ўринли диагностика маркази, меҳмонхона, савдо уйлари ҳамда мактабгача таълим ташкилоти қурилиши белгиланган. Умумий қиймати 40 миллион доллар бўлган 5 гектар майдонда қурилиш ишлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Наманганда умумий қиймати 1 млрд сўмдан ортиқ булган 93 та лойиҳа амалга оширилиши, Ғузор—Регар электр узатиш тармоғининг Ўзбекистондаги 63 километри қайта қурилиши ҳақида хабар қилинганди.