Наманган шаҳрида уйида қулфланиб қолган 6 ёшли қиз қутқарилди (фото)
Наманган шаҳрида 26 октябрь куни уйда қулфланиб қолган 6 ёшли қиз қутқарилди. Бу ҳақда вилоят Фавқулотда вазиятлар бошқармаси хабар берди.
Маълум қилинишича, 26 октябрь куни Наманган шаҳар 5-а кичик тумандаги кўп қаватли уйдаги хонадонлардан бирининг темир эшиги қулфланиб қолган.
Уйда олти ёшли қизалоқ қолиб кетган. Фуқаро фарзандидан ҳавотирланаётганлигини билдириб, вилоят Фавқулотда вазиятлар бошқармаси навбатчи диспетчерлик хизматига мурожаат қилган.
Қайд этилишича, воқеа жойига вилоят ёнғин-қутқарув отряди қутқарувчилари етиб борган. Махсус асбоб-анжомлар ёрдамида кўп қаватли уйнинг хонадонига кирган. Шунингдек, 6 ёшли қизалоқни олиб чиқиб, онасига топширган.
Аввалроқ Самарқанд шаҳрида уйида қулфланиб қолган 3 ёшли қиз, Норин туманида эса уйига қамалиб қолган бола қутқарилганди. Шунингдек, Пайариқда уйида қулфланиб қолган бир ёшли қиз, Фарғонада эса кўп қаватли уйда қулфланиб қолган 2 ёшли бола қутқарилгани хабар қилинганди.