Наманганда 1 августга қадар салкам 14 минг оила «темир дафтар»дан чиқарилди
Наманган вилоятида 2020 йилнинг 1 август ҳолатига кўра, 13 849 та оила «темир дафтар»дан чиқарилган. Бу ҳақда вилоят Иқтисодий тараққиёт бош бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.
Маълумотларга кўра, вилоятда эҳтиёжманд оилалар рўйхати шакллантитрилиб, 24 382 та оиланинг 39 468 нафар меҳнатга лаёқатли аъзолари «темир дафтар»га киритилган. Шу билан бирга, Президентнинг 2020 йил 30 июлдаги Фармони ижросини таъминлаш мақсадида сектор раҳбарлари томонидан эҳтиёжманд оилаларни қайта хатловдан ўтказиш натижасида 9 852 та оиланинг 6 888 нафар меҳнатга лаёқатли аъзолари янгидан «темир дафтар»га рўйхатга олинган.
Таъкидланишича, 2020 йилнинг 1 август ҳолатига кўра, бандлиги таъминланган ва доимий даромад манбаи яратилганлиги муносабати билан сектор раҳбарларининг тавсияси ҳамда оила бошлиғининг бу тўғрисидаги ёзма мурожаати асосида халқ депутатлари туман кенгашларининг қарорлари билан 13 849 та оиланинг 23 726 нафар меҳнатга лаёқатли аъзолари «темир дафтар»дан чиқарилган.
Ҳозирги кунга келиб, вилоятда «темир дафтар»даги 34 234 та эҳтиёжманд оилаларнинг 40 316 нафар меҳнатга лаёқатли аъзолари бандлиги таъминланган. Хусусан, бу кўрсаткич ҳудудлар кесимида:
- Наманган шаҳрида — 82 фоиз
- Мингбулоқ туманида — 85 фоиз
- Косонсой туманида — 80 фоиз
- Наманган туманида — 92 фоиз
- Норин туманида — 96 фоиз
- Поп туманида — 83 фоиз
- Тўрақўрғон туманида — 94 фоиз
- Уйчи туманида — 86 фоиз
- Учқўрғон туманида — 87 фоиз
- Чортоқ туманида — 99 фоиз
- Чуст туманида — 90 фоиз
- Янгиқўрғон туманида — 91 фоизни ташкил этган.
«Бугунги кунда вилоятда кам даромадли, эҳтиёжманд 20 385 та оила (22 630 нафар меҳнатга лаёқатли аъзолари) «темир дафтар» рўйхатда қолмоқда. Йил якунига қадар вилоят, шаҳар ва туманлар 4 та сектор раҳбарлари томонидан «темир дафтар»даги оилаларнинг меҳнатга лаёқатли ишсизларига муносиб иш ўринлари яратиш билан бирга, етарли даромад манбаи билан таъминлаш бўйича «Йўл харита» ишлаб чиқилган», дейилади хабарда.
Мавзуга доир: Ўзбекистоннинг ҳар бир ҳудудида «ёшлар дафтари» ва «аёллар дафтари» шакллантирилади
Аввалроқ Каттақўрғонда «темир дафтар»га киритилган оилаларга 11 та юк ташувчи мотоцикл берилгани, Самарқанд шаҳрида қанча оила «темир дафтар»дан чиқарилгани ҳамда Жарқўрғонда «темир дафтар»га киритилган оилалар учун 5 мингта иссиқхона қуриб берилиши маълум қилинганди.