Наманганда 33 фуқарони 411 млн сўмга чув туширган эркакка жиноий иш қўзғатилди
Наманган вилояти Наманган туманида яшовчи шахс 33 нафар фуқарони 411 миллион сўмга чув туширди, деб хабар берди вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати.
Маълум қилинишича, Наманган туманида яшовчи эркак 2019 йил декабрь ойидан 2020 йилнинг июнь ойига қадар бўлган вақт оралиғида 33 нафар фуқаронинг ишончига кириб, уларга ўзи ишловчи МЧЖдан маиший техника воситаларини олиб беришини айтган. Фуқаролар номига ҳужжатларни расмийлаштирган ва нархи 411 382 000 сўмлик турли хилдаги маиший техника воситаларини олиб, эҳтиёжлари учун ишлатиб юборган.
Ушбу воқеадан сўнг Фарғона вилоятида яшовчи фуқаро 2020 йил 21 сентябрь куни Ички ишлар вазирлигининг ишонч телефонига мурожаат қилиб, ҳолат ҳақида хабар қилган ҳамда ушбу шахсга нисбтан қонуний чора кўришни сўраган.
Таъкидланишича, ҳозирда ҳолат бўйича туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Мавзуга доир:
Аввалроқ Олтиариқда 11 минг долларга «Lacetti» олиб, пулини бермаган эркакка жиноят иши қўзғатилгани ҳамда Чортоқда танишидан автомобиль сотиб олиб, 9 ойдан буён пулини бермай келган фуқарога жиноят иши очилгани ҳақида хабар берилганди.