Олтиариқда 11 минг долларга «Lacetti» олиб, пулини бермаган эркакка жиноят иши қўзғатилди
Фарғона вилояти Олтиариқ туманида «Lacetti» русумли машинани 11 минг долларга олиб, пулини бермаган эркакка жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар қилди.
Хабарга кўра, воқеа 2018 йил 4 март куни содир бўлган. Унга асосан, мазкур эркак Н.Ж.нинг ишончига кириб, «Lacetti» русумли машинани 11 минг долларга сотиб олишга келишиб, автомашинани олиб кетган.
Маълум қилинишича, мазкур шахс ваъдасини бажармай, алдов йўли билан қўлга киритган автомашинани бошқасига сотиб юборган. Aниқланишича, машина пулларини ўз эҳтиёжларига ишлатиб юборган.
Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан Олтиариқ тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми (Фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Маълумот учун, юқорида кўрсатилган жиноятни содир этган шахс ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.
Аввалроқ Ўзбекистон туманида фуқародан салкам 18 миллионлик темир ҳавозаларини олиб, бошқа кишига сотиб юборган вояга етмаган шахсга чора кўрилгани, Фарғонада танишининг «Captiva»сини қарзга олиб, машинани бошқасига сотиб юборган шахс ушлангани ҳамда Фарғона шаҳрида фуқаронинг телефонини фойдаланишга олиб, сотиб юборган шахс қўлга олингани ҳақида хабар берилганди.